Иккинчи ўйин нафақат намаманганликларнинг, балки республикамизнинг бошқа ҳудудлари мухлисларининг ҳам диққат марказида бўлди десак муболаға бўлмайди. Бу йилги мавсумга ҳар қачонгидан-да бошқача тарзда, жиддий мақсадларни кўзлаган ҳолда тайёргарлик кўрган “Навбаҳор” жамоаси мавсум олдидан футболчиларни таништириш маросимини ҳам, мавсумнинг очилиш тадбирини ҳам юқори савияда ташкил эта билди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умиджон Аҳмаджонов сўз олиб, вилоятда футболни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги, вилоят футболини янада юксакларга кўтариш бўйича яна кенг кўламли ишлар қилинаётганлигига урғу бериб, ҳар иккала жамоага ҳам омадлар тилади. Ўз ўрнида вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси раҳбари Хайрулло Бозоров Ўзбекистон футбол Ассоциацияси раҳбариятига футболдаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар бўйича миннатдорлик билдирди. Вилоят ҳокими 2018 йилни Наманганда “Футбол юксалиши йили”, деб эълон қилди.
Кўтаринки руҳда бошланган футбол тадбири якунда ҳам шу ҳолатини сақлаб қолди. 25 мингдан зиёд томошабинни бағрига сиғдирган стадионда футболчилар вилоятдошларининг қўллаб-қувватлашларидан куч олиб, амалдаги чемпионни мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди…
“Навбаҳор” – “Локомотив” – 2:0 (1:0).
17 март. Наманган шаҳри. “Навбаҳор” стадиони. 25300 томошабин.
Ҳакамлар: Зокир Қодиров (Навоий), Руслан Самандаров (Навоий), Обид Жумаев (Навоий), Акмал Раҳимов (Андижон).
«Навбаҳор»: Ботирали Эргашев, Остон Ўрунов (Азамат Алланиёзов, 79), Аюбхон Нўъмонов, Азизбек Турғунбоев, Ненад Иньяц (Дилшод Жабборов, 65), Мирзоҳид Ғофуров, Аъзамжон Алиев (Зоҳир Пиримов, 90+2), Давронбек Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов, Томислав Пайович, Дарко Станоевич.
«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Кахи Махарадзе, Садриддин Абдуллаев, Икром Алибоев, Марат Бикмаев, Сардор Мирзаев, Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Шоаҳмедов (Ҳусниддин Ғофуров, 69), Сардор Рашидов (Невалдо, 53), Шуҳрат Муҳаммадиев, Олег Зотеев.
Голлар: Т.Пайович (23), А.Турғунбоев (49-пен.).
Огоҳлантиришлар: Д.Ҳошимов (61), Ж.Меҳмонов (90+3) – К.Махарадзе (13), И.Тўхтахўжаев (82), Невалдо (90+2).
Назоратчи – А.Арутюнов (Тошкент).
Комиссар – М.Саидқосимов.
Манба:pfl.uz