«Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

«Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қуйидагича…

Истеъдодли ва салоҳиятли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш, халқаро талаблар ва стандартлар асосида футбол бўйича мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сонли Фармонига мувофиқ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

«Бунёдкор» стадионининг бутун мажмуаси ва иншоотлари (бундан кейин — «Бунёдкор» стадиони) футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот  жараёнларини ташкил этиш ва спорт мусобақалари ҳамда бошқа тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг асосий базаси ҳисобланади;

Жойларда ёш иқтидорли ва салоҳиятли футболчиларни танлаб олиш (селекция) ва уларни профессионал тарзда тайёрлаш ҳамда  миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини ташкил этиш;

болалар ва ўсмирлар футбол академияларига мураббийларни Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишган ҳолда ишга қабул қилиш тартибини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол бўйича мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш Республика мактаби тугатилиб, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ваколатини Ўзбекистон футбол ассоциациясига топшириш;

Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш Фонди ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги филиалларини тугатиш ҳамда бўшаб қолган маблағларни Ўзбекистон футбол ассоциациясига йўналтириш;

  1. 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш Дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  1. Ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши, Ёшлар Иттифоқи, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг қуйидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин:

Фуқаролар йиғини раислари ўринбосарлари – Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилар зиммасига вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича маҳалла фуқаролари йиғини комиссияси раҳбари вазифасини юклаш;

Фуқаролар йиғини раисларининг ўринбосарлари – Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қошидаги Фонд ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш;

  1. Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича фуқаролар йиғинларининг комиссиялари:

Туман(шаҳарлар)даги жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар ва ўсмирлар футбол академиялари, спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг ҳудудий бўлинмалари билан футбол ва бошқа спорт турларини оммавийлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маҳаллалардаги иқтидорли ва истиқболли болаларни саралаб олиш (селекция) ишларини ташкил қилади;

маҳаллаларда футбол майдонлари ва бошқа спорт иншоотларини ободонлаштириш бўйича жойлардаги ҳокимият органлари, жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари (шаҳарлар), Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига ёрдам беради.

  1. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши, Ёшлар Иттифоқи, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда икки ой муддат ичида:

давлат-хусусий сектор ҳамкорлигида маҳаллаларда футбол майдонлари қуришга мўлжалланган «Ҳар бир маҳаллада футбол майдони» Дастури;

фуқаролар йиғинлари раисининг ўринбосарлари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларни моддий рағбатлантириш тартиби бўйича ҳукумат қарорларининг лойиҳаларини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

  1. Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳокимиятларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Ўзбек футболининг 105 йиллигига бағишланган тадбирлар учун Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида замонавий футбол стадиони қурилиши ҳамда стадион қурилишини молиялаштириш хайрия маблағлари ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг маҳаллий бюджети томонидан амалга оширилиши бўйича;

Суд томонидан давлат мулкига айланган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Сижжак» дам олиш зонаси негизида молиялаштириш манбалари сифатида хайрия маблағлари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Тошкент вилояти маҳаллий бюждетини белгилаган ҳолда Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базаси ташкил этиш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида Қўқон шаҳрида стадион қурилиши ва Бўстонлиқ туманида ўқув базасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.

  1. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддат ичида ихтисослаштирилган Давлат мактаб-интернатлари фаолияти танқидий ўрганиб чиқилсин ва натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги қарорларни кўзда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин:

Ихтисослаштирилган Давлат мактаб-интернатлари базасида 14та ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини ташкил қилган ҳолда уларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидан Ўзбекистон футбол ассоциациясига ҳозирги молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда ўтказиш бўйича;

Футбол бўйича қолган Ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларини  бошқа Олимпия ва миллий спорт турлари, шу жумладан, ҳудудларда ривожлантиришнинг зарурияти ва устуворлигини инобатга олган ҳолда спортнинг жамоавий ўйин турлари бўйича интернат мактабларига айлантириш бўйича;

болалар ва ўсмирлар футбол академияларига, шунингдек қайта тикланган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга бериладиган бино ва иншоотларни реконструксия қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашни босқичма-босқич амалга ошириш дастурини тасдиқлаш бўйича;

Олимпия захиралари махсус мактаб-интернатларида футбол бўлимларини Олимпия ва миллий спортга, шу жумладан спортнинг жамоавий ўйин турларига қабул қилиш учун бўшатилган квоталар йўналиши бўйича қисқартириш;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини «Бунёдкор» стадионига жойлаштириш.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

«Бунёдкор» стадиони бино ва иншоотларини эксплуатация қилиш дирекцияси” МЧЖ «Бунёдкор» стадионининг ишчи ташкилоти ҳисобланади ;

молиялаштириш манбалари «Бунёдкор” стадиони бино ва иншоотларидан фойдаланиш бўйича дирекция” МЧЖ (бундан буён Дирекция деб юритилади),  шунингдек, «Бунёдкор» стадионидан фойдаланиш ва сақлаш учун сарфланадиган харажатлари «Ўзбекнефтегаз»  АЖ  ва Дирекция, шунингдек, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар;

«Ўзбекнефтегаз» АЖ бир ой муддат ичида “Бунёдкор” стадиони бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича Дирекция” МЧЖ таъсис ҳужжатларига Дирекция Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида фаолият кўрсатишини кўзда тутган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.

  1. Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон  Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг фаолияти ва унга юклатилган вазифаларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш бўйича киритган қуйидаги таклифлари маъқулласин:

Спорт ва оммавий жисмоний тарбия йиллик тақвим режасида кўзда тутилган  тадбирлар учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;

Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш учун Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи томонидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Ҳомийлар, саховатпешалар, шунингдек, Қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.

  1. 2023 йилнинг 1 январига қадар қуйидаги тўловлардан озод этилсин:

Давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий тўлов ва барча солиқ турларидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, «Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси» жамоат ташкилоти ва профессионал футбол клублари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхат бўйича тасдиқланган футбол бўйича спорт иншоотларининг моддий-техник базаларини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган Ўзбекистонга олиб кириладиган спорт воситалари, махсус профессионал спорт кийимлари ва жиҳозлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, жумладан,  махсус транспорт воситалари;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси жамоат ташкилоти ва профессионал футбол клублари томонидан жалб қилинадиган жисмоний шахслар – хорижий мутахассисларнинг даромадига солинадиган солиқлар.

  1. Қуйидагилар белгилаб қўйилсинки:

Юридик шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадларидан даромад солиғи суммаси Ассоциациянинг ҳудудий бўлимлари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ва профессионал футбол клубларига ҳомийлик ҳамда хайрия қилинганда  ўн фоиздан ошмаган миқдорда  камайтирилади;

Футболчи ва мутахассислар (мураббий, ҳакам, назоратчи), жумладан, хорижий мутахассисларга машғулот ҳамда ўқув-машғулот йиғинлари пайтда бериладиган овқат пуллари ҳамда мукофотлаш харажатлари жисмоний шахсларнинг даромадлари сифатида киритилмайди.

  1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабномасига кўра хориждан жалб қилинадиган мутахассисларга кириш визаларини расмийлаштириш консульлик хизмати ва бошқа йиғимларсиз таъминлансин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабномасига кўра хориждан жалб қилинаётган мутахассисларга кўп маротабали виза бериш ва узайтириш, шунингдек, вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ва яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтишни узайтириш учун Давлат божларини ундирмасдан амалга оширишни таъминласин.
  1. Меҳнат муносабатлари ва бандликка кўмаклашиш вазирлиги белгиланган тартибда Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабларига кўра Ўзбекистон Республикасига хориждан мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, кўрсатилган хорижлик фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган тўловларни олмасдан амалга оширишни таъминласин.
  1. Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда “Бунёдкор” стадионини Ўзбекистон футбол ассоциацияси балансига ўтказилишини таъминласин.
  1. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Адлия вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагилар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин:

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари раҳбар ва маъмурий ходимлари таркибининг (аппаратлари) тахминий тузилмасини янгилаш, шунингдек, ходимларнинг моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;

Ушбу Фармондан келиб чиқадиган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.

  1. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х.Исроилов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси У.М.Аҳмаджонов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

Манба: www.olympic.uz

Leave a Reply