Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, жисмоний тарбия ва спортни ташкил этишда қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали олиб боришга ва мамлакатнинг мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:
биринчидан, айниқса, жойларда жисмоний тарбия ва спорт бошқарувининг самарали яхлит тизими мавжуд эмаслиги ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштиришни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва тарғиб қилишни таъминламаяпти;
иккинчидан, мамлакатимизда ҳам оммавий спорт, ҳам олий спорт ютуқлари соҳасида аниқ вазифалар ва мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмаган;
 
учинчидан, давлат-хусусий шериклик шартларида спортнинг замонавий моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яратиш бўйича нодавлат сектор билан ўзаро муносабатларнинг паст даражада эканлиги ушбу соҳада мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишга имкон бермаяпти;
тўртинчидан, жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тизими мавжуд эмаслиги терма жамоалар таркибини сифатли тўлдириш учун спорт захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлашни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда;
бешинчидан, спорт кадрларини, айниқса, бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими жисмоний тарбия ва спорт бошқаруви соҳасида малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш имконини бермаяпти;
олтинчидан, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини қўллаб-қувватлашнинг фақат алоҳида спорт турларини ривожлантиришга йўналтирилган, нооқилона тизими бошқа оммавий олимпия спорт турларини, энг аввало, спорт ўйинлари ва қишки спорт турларини ривожлантиришга эътибор қаратилмаслигига олиб келган;
еттинчидан, спортчиларни тайёрлаш ва улар тиббий таъминотининг инновацион тадқиқотлари ва услубий ишланмалари, замонавий талабларга жавоб берадиган стандартларининг мавжуд эмаслиги сифатли ўқув-машқ жараёнининг йўлга қўйилишини таъминламаяпти;
 
саккизинчидан, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга йўналтирилган молиявий маблағлар сарфланишининг асослилиги ва ҳаққонийлиги устидан назоратнинг, энг аввало, ички назоратнинг молиявий маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган ва ушбу соҳада суиистеъмолчиликларни бартараф этишга қаратилган самарали механизми шакллантирилмаган;
тўққизинчидан, халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли маҳаллий спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган, шунингдек, бундай ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан механизми назарда тутилмаган.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) ташкил этиш;
Вазирликнинг марказий аппарати тузилмасида спорт фаолиятини ташкил қилишда асослилик, объективлик ва шаффофликни таъминлашга, шу жумладан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган давлат молиявий маблағларидан оқилона фойдаланилишини таҳлил қилиш, аҳолининг спорт хизматларидан қониқиш даражаси ва спорт хизматларидан фойдалана олиш шарт-шароитларини баҳолаш, шунингдек, коррупция ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларини аниқлаш учун масъул бўлган Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг бошқармасини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;
бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларига бўйсинадиган ва Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимларини ташкил қилиш;
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказини (кейинги ўринларда – Марказ) Вазирлик тасарруфига бериш, уни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарвоза кўчаси, 27-уй манзилда жойлаштириш, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида унинг филиалларини ташкил қилиш;
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш;
жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда спорт кийими, анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолиятини ташкил этиш учун пойтахт минтақасида “Спорт” эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш;
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳамда оммалаштиришда, мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини оширишда алоҳида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ходимлари ҳамда бошқа шахсларни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Қўйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
вазирликлар ва идоралар жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клубларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, республика мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари ва инструкторлари фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш;
болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча ҳудудларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда болалар спорти объектлари тармоғини янада кенгайтириш орқали болалар спортини янада ривожлантириш;
Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокни таъминлаш учун истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;
мамлакатимизда профессионал, оммавий спортни, шу жумладан спорт ўйинлари ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар ишлатилишига қарши тизимли чоралар кўришни рағбатлантириш;
жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотлари, объектлари ва иншоотларининг оммавий спорт, болалар спорти ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, улардан максимал даражада ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, спорт асбоб-ускуналари ҳамда инвентарларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлашда қатнашиш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ва давлатлараро спорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш, оммабоп спорт дастурларини ташкил этишга кўмаклашиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид оммавий адабиётлар чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш.
3. Белгилансинки:
Университет жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий ва ўқитувчи кадрлар тайёрлаш, шунингдек, соҳа мутахассисларини ўқитиш ҳамда тайёрлашнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича республиканинг базавий олий таълим, илмий-тадқиқот хамда илмий-услубий муассасаси ҳисобланади;
Марказ мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструкторлари), кафедра мудирлари, таълим муассасалари ва спорт ташкилотлари тренерлари ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни амалга оширади.
4. Қуйидагилар оммавий спортни ривожлантириш ва истеъдодли ёшларни саралаш (селекция) соҳасида таълим муассасаларининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
 
мактабгача таълим муассасаларида – бошланғич гимнастика ва ҳаракатли ўйинлар бўйича машғулотлар олиб бориш орқали жисмоний ривожлантириш ҳамда саломатликни мустаҳкамлаш учун тарбияланувчиларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига қизиқишни шакллантириш;
умумтаълим мактабларида – ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик минтақавий спорт мусобақаларида иштирок этиш учун синфдан ташқари спорт тўгараклари ва секциялари машғулотларини ташкил этиш (ҳафтасига камида 4 соатдан);
ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида – ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт тури бўйича тренерларни жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик минтақавий ҳамда республика спорт мусобақаларида иштирок этиш учун олимпия ва миллий спорт турлари бўйича синфдан ташқари спорт тўгараклари ҳамда секциялари машғулотларини ташкил этиш (ҳафтасига камида 6 соатдан);
олий таълим муассасаларида – истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалари ҳамда республика олий спорт маҳорати мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида кейинчалик республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ва миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ҳамда жамоаларини ташкил этиш.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктори) ҳамда олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси ва кафедра мудири лавозимларига халқаро даражадаги спорт мусобақалари ғолиблари тайинланиши мумкин;
давлат мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктори) лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиқлари томонидан амалга оширилади;
олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ўқитувчилари (кафедра мудирлари)ни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Вазирлик томонидан олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ташкил этиладиган танлов натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан амалга оширилади;
жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктор ва кафедра мудирлари)нинг иш фаолияти самарадорлигини баҳолаш ўқувчи (талаба)ларни жисмоний ва касбий тайёргарлиги ҳамда улар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаш (селекция)да, энг аввало, эришилган аниқ натижаларни ҳисобга олган рейтинг тизими асосида амалга оширилади;
жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструктор ва кафедра мудирлари)ни моддий рағбатлантириш улар фаолиятининг шахсий кўрсаткичларини рейтинг тизимида баҳолашга асосан амалга оширилади;
туман (шаҳар) спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларининг ягона календарь режалари тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади;
умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари ўртасида ўтказиладиган спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларини ҳамда иштирокчиларни кийим-кечак билан таъминлашни молиялаштириш тегишлилиги бўйича “Ёшлик”, “Баркамол авлод” ва “Талаба” жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси олимпия спорт турлари бўйича спортчилар, тренерлар ва бошқа спорт мутахассисларини тайёрлаш ҳамда олимпия спорт турларини ривожлантириш қисми бўйича жисмоний тарбия ва спорт субъектлари, шу жумладан Вазирликнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
Вазирликнинг олимпия спорт турларини ривожлантиришга масъул бўлинмалари раҳбарлигига номзодлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси билан мажбурий равишда келишилади;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари олимпия захиралари махсус мактаб-интернатлари раҳбарларини танлаш, тайинлаш ва аттестация қилишда, мазкур мактабларга йўналишлар бўйича қабул қилиш квоталарини келишишда ҳамда спортчиларни халқаро спорт мусобақаларига юборишда иштирок этади;
Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш доирасида спорт федерация (ассоциация)лари учун ажратилаётган ҳомийлик маблағлари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида жамланади ҳамда спорт федерация (ассоциация)лари фаолиятини мақсадли молиялаштиришга, шу жумладан етук хорижий спортчи ва тренерларни жалб қилиш учун сарфланади;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Вазирлик билан ҳамкорликда юқори малакали хорижий спортчи, тренер ва бошқа мутахассисларни олимпия тайёрлаш марказлари, спорт федерация (ассоциация)лари ва бошқа спорт ташкилотларининг ўқув-машғулот жараёнларига кенг жалб қилишни таъминлайди.
7. Қуйидагилар ташкил этилсин:
Самарқанд вилояти Самарқанд туманида универсал олимпия тайёргарлиги ва халқаро мусобақалар ўтказиш маркази;
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Азия-Чимган” меҳмонхонаси негизида миллий терма жамоалар учун универсал олимпия тайёргарлиги маркази;
Жиззах вилояти Зомин туманида “Алоқачи” соғломлаштириш оромгоҳи негизида гимнастика спорт тури бўйича олимпия тайёргарлиги маркази;
Наманган вилояти Чортоқ туманида сержантлар тайёрлаш мактаби негизида спорт ўйинлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази;
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида “Гулнора” соғломлаштириш оромгоҳи негизида спорт яккакурашлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилаётган марказлар тасарруфида бўлган вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу объектларни барча бино ва иншоот мажмуалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси тасарруфига беғараз ўтказилишини таъминласин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, шунингдек, таълим муассасалари ва спорт ташкилотларида меҳнат қилаётган спорт фахрийларига фаолиятнинг бошқа хақ тўланадиган турлари билан шуғулланмаслик шарти билан пенсия тўлиқ миқдорда тўланади;
Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ҳамда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари совриндор спортчилари Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлардаги жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, шунингдек, тегишли спорт федерациялари (ассоциациялари) тавсияномаларига асосан тренерлик фаолияти бўйича соддалаштирилган тартибда аттестациядан ўтиб, спорт мактабларида тренер сифатида тренерлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли;
спорт ташкилотлари (идоралари) раҳбарлиги лавозимига аввал шуғулланган профессионал фаолият туридан қатъи назар, олий маълумотли ҳамда бошқарув соҳасида амалий кўникмага эга бўлган шахслар тайинланиши мумкин;
тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома муддати тугаган тренерлар кўпи билан тўрт ой муддатдан ошмаган ҳолда ўрнатилган тартибда янги рухсатнома олинишига қадар меҳнат фаолиятини давом эттиришга хақли.
9. Олимпия спорт турларини 2018-2021 йилларда кейинчалик ривожлантириш ва оммалаштириш комплекс чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ маъқуллансин.
Дастурда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга ошириш учун вазирлик, муассаса ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгилансин.
10. Вазирлик:
икки ой муддатда жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструктор, кафедра мудирлари) фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомни тасдиқласин;
2018 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни узоқ муддатли истиқболга ривожлантириш концепцияси лойиҳасини халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқсин ва киритсин;
уч ой муддатда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларнинг ишлаш тартибини ташкил этиш тизимини танқидий жиҳатдан ўрганиб чиқиш ва натижаси бўйича уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва такомиллаштириш, ташкилий-штат тузилмасини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни молиялаштириш тизимини тартибга солиш юзасидан ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда уч ой муддатда спортчилар, жисмоний тарбия ўқитувчилари, йўриқчилари ҳақидаги маълумотларни ҳамда таълим муассасаларида спорт турлари бўйича имтиҳон қилиш тизими таҳлиллари натижаларини ўз ичига олган Ягона ахборот тизими яратилишини таъминласин;
уч ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ва ўқув тайёргарлик машқлари давомида спортчиларни тиббий таъминлашни ташкил этиш ва кузатиб бориш тартибини, шу жумладан спорт тиббиёт муассасалари тармоқларини яратишни ўз ичига олган ҳолда, тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
уч ой муддатда Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасалари қошида спорт клубларини ташкил этиш, фаолият олиб бориши ҳамда молиялаштирилиши тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
уч ой муддатда республика ҳудудида жисмоний тайёргарликни ташкил этишнинг ягона талабларини белгилашни таъминловчи, олимпия спорт турлари бўйича тайёргарликнинг ягона меъёрларини спорт таълими муассасалари фаолиятига татбиқ этишни таъминласин;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда 2018 йил 1 июнга қадар спортнинг қишки ва ўйин турларининг ривожланиши ва оммалашишининг амалдаги ҳолатини ҳар томонлама ва танқидий таҳлилини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида спортнинг қишки ва ўйин турларини янада ривожланиши юзасидан таклифлар тайёрласин;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда республика олимпия захиралари мактаб-интернатлари қошида олимпия захиралари марказларини ташкил этиш таклифини киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тўғрисидаги Низомни тасдиқласин;
бир ой муддатда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинсин;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Низомини тасдиқлаш, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари контингентини тўлиқ қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имкониятини қамраб олган ҳолда уларнинг ташкилий-штат тузилмаси тасдиқлансин;
икки ой муддатда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги барча турдаги таълим муассасаларида таълим стандартлари қайта кўриб чиқилсин, таълимнинг ҳар бир босқичида умумий таълим юкламасидан ошмаган ҳолда, дарс соатларини ошириш ёрдамида, спорт тармоқлари бўйича баҳолаш тизимини жорий қилиш, натижаларни тизимли таҳлил қилиш ишлари олиб борилсин;
икки ой муддатда қурилиш-монтаж ишлари, замонавий спорт жиҳозлари, техникаси ва инвентарлар билан таъминлаш, узлуксиз ўқув-машғулот жараёни ва спортчилар, тренер ҳамда бошқа мутахассис ва ишчилар яшаши учун шароит яратишни инобатга олган ҳолда олимпия тайёргарлик марказлари фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинсин;
уч ой муддатда олимпия захиралари мактаб-интернатлари қабул квоталарини спорт турлари бўйича энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда керакли бўлган самарали таълим тизими ташкил этилсин;
уч ой муддатда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича аттестациядан ўтиш ва рухсатнома олиш тартибини соддалаштиришга йўналтирилган ҳукумат қарори қабул қилинсин.
12. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар спорт инфратузилмасини ташкил этиш ва тизимли тарзда ишчиларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш амалиётини жорий этиш чораларини кўрсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси икки ой муддатда Мудофаа вазирлигининг спорт клуби, “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш ва касаба уюшмалари федерацияси жисмоний тарбия ва спорт жамиятини тиклаш, шунингдек, идоравий спорт базаларини модернизация қилиш, улар қошида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш учун барчанинг шуғулланишига имкони бўлган секция ва тўгараклар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиласин.
14. Вазирлик ҳамда Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4956-сон Фармони биринчи банди учинчи хатбошиси ва учинчи банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 5 март
Манба: www.the-uff.com

Leave a Reply