ЎФАнинг ташаббуси билан «Қўқон-1912» стадиони янги қиёфага кираётганлиги минглаб қўқонликларни хушнуд этаяпти…
«Қўқон-1912» клубининг бир қатор мухлислари ЎФАга мурожат билан чиқишди. Ушбу мурожатда Суперлига 2-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» – «Қизилқум» учрашувини Навоийга кўчиришни илтимос қилганлар.
«Ҳурматли ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари! Куни кеча Навоий ва Фарғона вилоятларида бўлиб ўтган Суперлиганинг очилиш ўйинларини кўриб ҳавасимиз келди ва бунинг учун қайта жон куйдираётган ПФЛга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Наманганлик дўстларимиз ҳам таништирув маросимини қойиллатиб ўтказдилар. Худди шундай ҳолатни Бухорода ҳам курдик. Секин-асталик билан Суперлиганинг қолган клублари ҳам ОЧЛ савиясига чиқиб боришларини истаймиз ва бу йўлда биз мухлислар ҳам ўз ёрдамимизни аямаймиз.
ЎФАнинг ташаббуси билан «Қўқон-1912» стадиони янги қиёфага кираётганлиги минглаб қўқонликларни хушнуд этаяпти. Афсуски стадионимиздаги қурилиш ишлари «Қизилқум» билан ўйинда 8000 нафар мухлисни тўлиқ стадионга киришига тўсиқ бўлаяпти. Қўқон футбол ватани, шу муносабат билан ПФЛ клуб раҳбариятининг «Қизилқум» билан Қўқонда бўлиб ўтиши керак бўлган учрашувини Навоийга кўчириш таклифини ўрганиб чиқиб уни қўқонлик мухлислар фойдасига ҳал килса. 31 март куни булиб ўтадиган тур ўйинида янгиланган стадионимизни очилиш маросимини ҳақиқий байрам тарзида ўтказсак. Зеро, «Қўқон-1912» жамоасининг 105 йиллик тўйини муносиб ўтказсин. Умид киламизки, «Қизилқум» жамоаси ҳам кичик ўзгартиришга рози бўлади ва 2-тур ўйинини ҳам ўз майдонида қабул қилади», – дейилади қўқонлик мухлислар мурожатида.