Хабарингиз бор, бу йил янгича форматда ташкил қилинган Супер лига мусобоқасида вилоятимиз бош жамоаси “Сўғдиёна” ҳам иштирок этади. Суперлиганинг илк баҳсида эса жиззахликлар сафарда “Пахтакор”га қарши баҳс олиб боради. Ушбу мавсумда “Сўғдиёна” шарафини ҳимоя қиладиган тажрибали Дилмурод Каримов мавсум олди фикрлари билан ўртоқлашди.
-Мавсумга тайёргарликни Тошкентда олиб бордик. Йиғин давомида биз мураббийлар томонидан айтилган барча кўрсатмаларни бажардик. Йиғиндан кўнглим тўлди. Жамоага келган футболчилар билан тез иноқ бўлиб кетдик. Ҳар бир ўртоқлик учрашувида майдонда бир биримизни тезроқ ўрганишимиз учун астойдил ҳаракат қилдик. Олдимизда мақсад жиддий. Жамоа билан бир оила бўлиб, фақат олға интилиб, барча жиззахлик муҳлисларни хурсанд қилмоқчимиз.
“Сўғдиёна” мавсумнинг илк ўйинида сафарда “Пахтакор”га қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйинга жамоа қай даражада тайёр ва сиз футболчи сифатида фикрларингиз.
-Ҳар доим ҳам мавсум бошланиши қийин бўлади. “Пахтакор” кучли рақиб. Лекин биз бор эътиборимизни фақат ғалабага қаратганмиз. Биз майдонга фақат ғалаба учун тушамиз. Жамоа тайёрми? Албатта. Барча футболчиларнинг кайфияти кўтаринки ва биз бу ўйинга жисмонан ва руҳан тайёрмиз.
Шу ўринда ,“Пахтакор” га қарши баҳсда кўплаб жиззахлик муҳлисларни бевосита стадиондан туриб бизни қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Ушбу муҳим ўйинда бизни қўллаб-қуваатлашингизга ишонамиз-дея таъкидлаб ўтди Дилмурод Каримов
“Сўғдиёна” матбуот хизмати
Манба: www.fcsogdiana.uz