Бугун мамлакатимиз миллий чемпионати Суперлига баҳсларига старт берилади. “Насаф” илк турда “Нефтчи” жамоаси билан Фарғонада куч синашади. Учрашув “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади ва соат 20:00да бошланади.
Ўзбекистон Суперлигаси – 2018. 1-тур
“Нефтчи” (Фарғона) – “Насаф” (Қарши)
01.03.2018. Фарғона ш., “Истиқлол” стадиони. 20:00да
Бош ҳакам: Равшан Эрматов (Тошкент)
Қанот ҳакамлари: Абдуҳамидулло Расулов (Тошкент), Жаҳонгир Саидов (Тошкент)
Захира ҳаками: Жасур Мухторов (Тошкент).
Назоратчи: Арслон Хотамов (Тошкент)
“Нефтчи” ва “Насаф” жамоалари шу пайтгача миллий чемпионатимизда 42 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Бўлиб ўтган учрашувларнинг 18тасида “Насаф” ғалаба қозонган. 15 учрашувда “Нефтчи” жамоасининг қўли баланд келган. Қолган 9 учрашувда муроса кўчаси танланган. Тўплар нисбати бўйича ҳам устунлик жамоамиз томонида – 49:58.
Мазкур жамоалар Фарғонада бунгача 21 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 9тасида “Нефтчи” жамоаси ғалабага эришган. 4 учрашувда “Насаф” зафар қучган. Қолган 8 учрашувда дуранг натижалар қайд этилган. Фарғонадаги 21 учрашувда дарвозаларга жами 49та тўп киритилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик 29-20 “Нефтчи” томонида.
“Насаф” Фарғонадаги илк ғалабасини 2010 йили нишонлаган. Ўтган йилги чемпионат доирасидаги Фарғонада бўлиб ўтган сўнгги ўзаро учрашувда жамоамиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Учрашувдаги голларга Азизжон Ғаниев, Бобир Абдухолиқов ва Шахбоз Эркиновлар муаллифлик қилишган.
“Нефтчи”нинг Фарғонадаги жамоамиз устидан эришган ғалабасига тўққиз йил бўлган. “Нефтчи” сўнгги бор 2009 йили ўз майдонида “Насаф”ни мағлубиятга учратган.
Жамоалар мана шундай натижалар билан бугунги учрашувга ҳам етиб келишди. Бу йил миллий чемпионатимиз бошқача кўринишда ва бошқача форматда ўтказилади. Бу йилдан футбол ишқибозларининг кўп йиллик талаб истаклари ҳам инобатга олинмоқда. Учрашувлар имкон даражасида мухлислар учун қўлай вақтларда бошланади. Шунингдек “Sport” телеканали ҳам ҳар бир Суперлига учрашувини тўғридан-тўғри намойиш қилишни бошлайди.
Манба: fcnasaf.uz