Асрор АЛИҚУЛОВ: “ПЕНАЛЬТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛМАЙМАН”

Ўз майдонида “Нефтчи”ни мағлубиятга учратган “Шўртан” жамоаси Coca Cola Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ босқичига йўлланма олди.

Мазкур баҳсда, дастлаб, ҳисобда ортда бораётган “Оқ бўрилар” жамоаси якунда иродали ғалабага эришишди. Учрашувдан сўнг, “Шўртан” мезбонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов ўз фикрларини билдириб ўтди:

“Бугунги рақибимизнинг ўйинини кўрдик, ўргандик, таҳлил қилдик.  “Нефтчи”нинг ҳимояда ва қарши ҳужумга таянган ҳолда ҳаракат қилишини билардик. Ҳақиқатдан ҳам рақибимиз асосий эътиборни ҳимояга қаратди ва ўз майдонида бўш ҳудуд қолдирмади.

Ўйин аввалида футболчиларимизда ҳаяжон сезилди. Кейин ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетди. Ютқазиб туриб, якунда ғалаба қозонишимизга шогирдларимнинг ғайрат-шижоати сабаб бўлди.

Бугун Ғузордаги биринчи учрашувимизни ўтказдик. Гарчи стадионга мухлислар киритилмаган бўлса-да, бизни ижтимоий тармоқлар ва биринчи навбатда клуб телеграмм канали орқали  кузатиб борган ва қўллаб-қувватлаганлар ҳурмати учун ҳам ютишимиз, қолаверса ўз уйимиздаги дастлабки учрашувни ғалаба билан бошлашимиз шарт эди.

Энди бу ғалабаларни унутамиз ва навбатдаги учрашувларга тайёргарлик кўрамиз. Биринчи галда асосий таркиб футболчиларининг тикланишига эътибор қаратамиз.

Карантиндан кейин футболчилар ҳали тўлиқ спорт тайёргарилгида эмас. Кубок билан чемпионат баҳсининг ўртасида катта фарқ бор. “Истиқлол” билан бўладиган учрашувга ҳам пухта ҳозирлик кўрамиз. Негаки, фарғоналиклар таркибида бир қатор номдор футболчилар бор.

Қизил карточга келадиган бўлсак, биз ҳар бир учрашувдан олдин футболчиларимизга имкон қадар қоидага эид ўйнамасликни таъкидлаймиз. Холтўраев билан ҳам худди шундай ҳолат юз берди. У  бизнинг асосий ҳужумчимиз ҳисобланади. Биринчи бор огоҳлантириш олганидан кейин унга жиддий тўқнашувларга бормасликни айтдик. Лекин… Энди қисқа вақт ичида унинг ўрнига бошқа футболчини тайёрлашга мажбурмиз.

Пенальти белгиланган вазият бўйича ҳакам қарорини муҳокама қилмайман. Ўша вазият ҳимоячимизнинг хатоси билан юз берди.

“Шўртан” олдига қўйилган вазифага тўхталсак, жамоани шакллантириш ва 2020 йилги мавсумда Суперлигага йўлланмани қўлга киритишимиз керак. Бу йўлда бор кучимиз ва имкониятларимизни ишга соламиз. Мухлисларни хурсанд қиламиз, деган умиддаман.

Муаммолар ҳозирча йўқ, бунинг учун раҳбариятимизга раҳмат айтиб қоламан” – дейди Асрор Алиқулов.

“Шўртан” ПФК матбуот хизмати

Leave a Reply