ТАБРИК ВА ОМАД ЁР БЎЛСИН СИЗГА!

“Оқ бўрилар” жамоаси раҳбарининг портретига мухтасар чизгилар.

Бугун “Шўртан” Профессионал футбол клуби бош менежери бўлиб иш олиб бораётган Шамил Самигулович Ярулин ўз туғилган кунини нишонламоқда.

Ҳаёти ва меҳнат фаолиятини миллионлар ўйини, деб аталмиш футболга баҳшида этган инсон тақдирида “Шўртангазкимё” мажмуасида ҳуқуқий-иқтисодий бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган йиллари ҳақиқий туб бурилиш бўлиб хизмат қилди.

Айнан мана шу даврда у футбол билан чинакамига чамбарчас боғланди. Дастлаб, 2008 йили мамлакатимизнинг аёллар футболида дадил фаолият кўрсатаёган “Севинч” жамоасига бош менежерлик лавозимига тайинланди. Унинг бошқарувида Қашқадарё жамоаси нафақат Ўзбекистонда номдор клубга айланди, балки Халқаро ареналарда ҳам катта катта мувафақиятларга эришди. “Севинч” клубининг инфротузилмаси Осиё ва Европа қитъаларида, бир сўз билан айтганда эса дунё миқёсида ҳам энг етакчи ўринларда эътироф этила бошланди.

Шамил Ярулин учун кейинги масъулиятли ва шарафли иш жойи бу – “Насаф” клуби бошқаруви бўлди. Маҳоратли ва тажрибали мутахассис қўл остида воҳанинг биринчи рақамли жамоаси ўзининг шонли юришини янада мустаҳкамлик, ишонч ҳамда муваффақият билан давом эттирди. Қаршиликлар клуби тарихи қатор ва унутилмас ғалабалар, медаллар шодаси,  Ўзбекистон Кубоги ҳамда Суперкубоги билан бойиб борди…

Ва ниҳоят, янги 2020 йилда Шамил Самигулович зиммасига ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган “Шўртан” жамоаси обрў-эътибори, унинг йиллар давомида шаклланиб келган анъаналари ва мавқеини тиклаш, ғузорликларни яна кучлилар сафига

қайтаришдек навбатдаги жиддий вазифа юклатилди.

Гарчи, айни пайтда юртимиз ва бутун дунёда пандемия туфайли карантин ҳолати ҳукм сураётган бўлса-да, янги вазифада ўтган ярим йиллик давр ичида Ш.С.Ярулин раҳбарлигидаги “Шўртан” жамоаси вакиллари ўз ишларини белгиланган режага мувофиқ олиб боришмоқда. Барча футбол ва унинг атрофидаги ишлар, хатти-ҳаракатлар Республика махсус комиссиясининг талаблари ва карантин қоидаларига тўла мос равишда бажарилмоқда. Молиявий масалалар ўз вақтида ҳал қилиниб, “Шўртан” жамоасининг янги мавсумга кўнгилдагидек тайёрлагарлик кўриши учун қулай вазият ва шароитлар яратилмоқда.

Шу муносабат билан бугунги таваллуд айёми нишонланаётган қувончли кунда “Шўртан” Профессионал футбол клуби раҳбарияти, ходимлари, мураббийлар гуруҳи, футболчилари ва кўп сонли шогирдлари Шамил Самигулович Ярулинга соғлик-саломатлик, узоқ умр, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, мустақил Ўзбекистонимиз ривожи йўлида ҳамда эл-юртимиз фаровонлигини ошириш борасида олиб бораётган хайрли ишларига, касбий меҳнат фаолиятига улкан зафарлар тилайди.

Ўз ўрнида кўп минг сонли Ғузорлик футболсеварлар, шунингдек “Оқ бўрилар” жамоаси фидойи мухлислари ғайрат-шижоатли, янгиликларга ҳамда фақат ва фақат олдинга интилувчанлик, ғолиблик фалсафаси, шунингдек яратувчанлик ғоялари билан яшайдиган Шамил Ярулин бошқарувидаги “Шўртан” клубининг 2020 йилги мавсум якунларига кўра, Суперлигага чиқиш вазифасини шараф билан уддалашига ишонади ва бу йўлда футболчиларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини маълум қилишади.

Яна бир бор туғилган кун муборак, “Шўртан” жамоасига эса Суперлига йўлида омад ёр бўлсин, деб қоламиз ҳурматли Шамил Самигулович!!!

Leave a Reply