“ШЎРТАН”ГА КИМ РАҚИБ БЎЛАДИ?!

         Бу ҳақда биз шу йилнинг 13 июнь куни жонли эфирда Ўзбекистон Кубоги-2020 саралаш босқичига ташланадиган қуръа орқали билиб оламиз.

Хабарингиз бор, кеча Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси мутасаддилари ва ПРО-Лиганинг 8 та клубларининг раҳбарлари иштирокида видео конференция ўтказилган эди. Ана шу тадбирда 13 июнь куни Coca Cola Ўзбекистон Кубоги-2020 биринчи босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтиши айтилди.

Шу куни Coca Cola Ўзбекистон Суперлигасининг 4-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” (Қўқон) жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Мазкур беллашувнинг танаффусида “Бунёдкор” стадионида Coca Cola Ўзбекистон Кубоги-2020 биринчи босқичига қуръа ташланади. Қуръа “Спорт” телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Ушбу босқичда ПРО-Лиганинг барча 8 та вакили, шу жумладан Ғузорнинг “Шўртан”  жамоаси ҳам иштирок этади. Қуръа саккиз жамоани тўрт жуфтликка ажратиб беради. Битта ўйиндан иборат бўлган дастлабки баҳслар 23 июнь куни старт олиши кутилмоқда. Бунда қайси клуб мезбон бўлишини қуръа ҳал қилади.

Кейинги босқичга йўл олган тўрт жамоа яна икки жуфтлик ҳосил қилади. Ғолиблар бир ўйин натижасига кўра аниқланади ва мезбон бу сафар ҳам қуръа орқали аниқланади. Шундан сўнг, икки ғолиб жамоа Coca Cola Суперлиганинг 14 клуби қаторига қўшилиб, Кубокнинг гуруҳ босқичига йўлланма олади.

Биз бу йўлда “Оқ бўрилар” жамоасига омад тилаймиз.

Таъкидлаш жоиз, “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” ўйини 13 июнь куни соат 19:00 да старт олади.

Манба: pfl.uz

Leave a Reply