“ШЎРТАН”ДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАР ИЖОБИЙ БАҲОЛАНДИ

12 май куни соат 11: 00да Ўзбекистон Профессионал футбол Лигаси мутасаддилари ва ПРО-Лига клубларининг раҳбарлари иштирокида видео-онлайн конференция бўлиб ўтди.

Унда асосий мавзу сифатида жорий – 2020 йилги ўйинларнинг ўтказилиш формати бўйича сўз юритилди. Мусобақа Низомига кўра, ПРО-Лигада 8 та клуб Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун 4 давра давомида жами 28 та турда иштирок этишлари, иккинчи ўрин соҳиби эса юқори лиганинг 13 ўрин соҳиби билан ўтиш ўйинида тўқнаш келиши керак эди. Афсуски, кутилмаган карантин ҳолати аввалдан ишлаб чиқилган режаларга ўзгартириш киритиш заруриятини туғдирди. Бу биринчи навбатда  давралар сонини қисқартирилишига олиб келиши мумкин.

Бу ва яна бир қатор долзарб масалалар ечими Республика махсус Комисиясининг машғулотларга қачон рухсат этишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу боис Ўзбекистон Профессионал футбол Лигаси раҳбарияти  машғулотларга расман рухсат этилиш кунини кутиб турибди. Машғулотлар бошланиши ҳамда махсус Комиссиянинг ҳудудларни қандай ажратиши ва  вилоятларга кириш-чиқиш масалаларига қараб, ЎзПФЛ кейинги режаларга аниқлик киритиб олади.

Тадбирда майдонлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.  “Шўртан” (Ғузор), “Нефтчи” (Фарғона), “Динамо” (Самарқанд), “Истиқлол” (Фарғона) ва “Турон” (Яйпан) клубларида муаммо йўқлиги таъкидланди. “Оқтепа” (Тошкент) ҳамда “Хоразм” (Урганч) жамоалари ўз уй учрашувларини сунъий қопламали майдонда ўтказади. Бу эса табиийки, ёзнинг иссиқ вақтида футболчиларга қийинчилик туғдиради. “Зомин” футбол клубининг стадиони июнь ойида тайёр бўлиши кутилмоқда.

Видео-онлайн Конференция давомида ЎзПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев Ғузорнинг “Шўртан” клубида амалга оширилаётган ишлар хусусида қуйидаги фикрни билдириб ўтди:

– “Шўртан” ПФК бош менежери этиб Шамил Ярулин тайинлангач, клубда ижобий ўзгаришлар бошланди. Сир эмаски, айни вақтда Ғузор жамоасида муаммолар анчагина бор. Шулардан қарздорлик масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Лекин бу борада ҳам босқичма-босқич ишлар амалага оширилмоқда, муаммолар ўз ечимини топмоқда. Осон бўлмайди, албатта. Бироқ таслим бўлиш йўқ, “Шўртан”  раҳбарияти ҳаракатда”.

“Шўртан” ПФК матбуот хизмати бўлими

Leave a Reply