Вадим Абрамов – ноябрь ойининг энг яхши мураббийи

Биласиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2018 йилги мавсумнинг ҳар ойидан кейин тўрт йўналиш бўйича энг яхшиларни аниқлаб келди: энг яхши мураббий, энг яхши футболчи, энг яхши дарвозабон ва энг чиройли гол. Ташкил этилган сўровнома якунларига кўра энг кўп овоз тўплай олган номзодлар ташкилотнинг энг яхшилар учун аталган статуэткаларини қабул қилиб олишди.

2019 йилги мавсумда ҳам мазкур анъанани давом эттирилмоқда. Жорий йилдан эътиборан Tribuna.uz нашри ой лауреатларини аниқлашда ахборот ҳамкори сифатида иштирок этмоқда. Artel  савдо белгиси эса ойнинг энг яхшиларига ўз смартфонларини тақдим этиб келяпти.

Энг яхшиларни аниқлаш шартлари қуйидагича: Coca Cola Суперлиганинг 14 клуби бош мураббийлари ҳамда сардорлари кўрсатилган номзодларни учталикка жойлаштириб чиқади. Дастлабки ўринда кўрсатилган номзод 3, мос равишда кейинги икки ўриндагилар 2 ва 1 очколик бўлади. Шунингдек, Tribuna.uz нашри футбол мухлислари ўртасида сўровнома ўтказди. Бунда мухлислар овози катта аҳамиятга эга бўлиб, биринчи ўринни эгаллаган номзод 6, мос равишда кейингилар 4 ва 2 очкодан қўлга киритади. Якунда энг кўп балл тўплаганлар ойнинг энг яхшилари сифатида эътироф этилади.

Ортда қолган ноябрь ойида Coca-Cola Суперлигасида 3 та тур учрашувлари ўтказилди.  Мазкур ўйинлар давомида бир қатор жамоалар мазмунли ўйин намойиш этиб, мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлди.

Ойнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровнома якунларига кўра, “Бунёдкор” жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов (3 ўйин, 2 ғалаба, 1 дуранг) энг кўп очко жамғаришга муваффақ бўлди ва ноябрь ойининг энг яхши мураббийи дея эътироф этилди.

Таъкидлаш жоиз, Абрамов бошқарувида «қалдирғочлар» «Навбаҳор» (2:1) ва «Пахтакор»ни (3:2) мағлуб этиб, «Сўғдиаёна» билан дуранг ўйнашди ва ОЧЛ саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply