Шу кунларда баъзи бир ижтимоий тармоқларда, жумладан tribuna.uz расмий сайти ва UzPRO-LIGA телеграмм каналида “Шўртан” Профессионал Футбол клуби бошқарув тизимида гўёки, жиддий ўзгаришлар юз берганлиги тўғрисида асосланмаган маълумотлар тарқалиб кетди.Уларда ёзилишича, 2019 йилги мавсумда жамоани бошқарган мутахассис Сергей Ковшов истеъфога чиқарилган. Унинг ўрнига яқин ўтмишимизнинг таниқли футболчиси Ботир Қораев тайинланган. Шунингдек, клуб бошқарувига бундан аввал “Насаф” жамоасида бош менежер бўлиб ишлаган Шамил Ярулин таклиф қилинган.Ушбу нотўғри фактларга асосланиб ёзилган хабарга нисбатан “Шўртан” ПФК раҳбарияти клуб матбуот бўлими орқали расмий баёнот беради:Айни пайтда футбол бўйича 2019 йилги мавсум ўз ниҳоясига етган. Жамоа мураббийлари ва аксарият футболчилари билан тузилган шарномалар тугаган. Шу муносабат билан уларга меҳнат таътили тақдим этилган. Сергей Ковшов билан ҳам шартнома муддати якунига етган. Янги 2020 йилги мавсум учун ҳали клуб раҳбарияти томонидан иш таклиф этилгани йўқ.
Ботир Қораев масаласига келсак, у ҳозирда Муборакнинг “Машъал” жамоасида фаолият кўрсатиб келмоқда ва клуб билан шартномаси амалда бўлиб турибди. Шу боис, Сергей Ковшов “Шўртан”ни тарк этди, истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига Ботир Қораев жамоа бош мураббийи бўлди, деган маълумот расман ўз тасдиғини топмайди.
Шунингдек, клуб бош директори В.Г.Алешников айни пайтда ўз лавозимида фаолият кўрсатаётганлиги ва унинг амалдаги шартномаси ўз якунига етмаганлигини таъкидлаб ўтамиз. Бундан кўриниб турибдики, Шамил Ярулиннинг ҳозирча, “Шўртан” ПФК МЧЖ Бош директори этиб тайинланиши тўғрисидаги маълумот ҳам тасдиқланмаган хабар бўлиб чиқади.
Клубнинг бош ҳомийси ва унинг номланиши тўғрисида: 2019 йилнинг август ойида “Шўртаннефтгаз” МЧЖ расман ўз мақомини ўзгартирди ва “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”, деб номланди. Шундай бўлса-да, бошқарма раҳбарияти клубдан ҳомийлик мақомини олиб ташлагани йўқ ва ҳали ҳам ўз эътиборида ушлаб турганлигини айтиб ўтиш жоиз.
Шу сабабли, “Шўртан” ПФКнинг яқинда Ғузордаги қароргоҳида “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” раҳбарияти (бошлиғи Шокир Давлатович Жабборов) иштирокида ўтказилган йиғилишида якунланган мавсум таҳлил қилинди. Хато ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди. Энг асосий вазифа – Суперлигага чиқиш масаласи бажарилмагани атрофлича ўрганилди. Янги йилги режалар хусусида ҳам қисман фикр юритилди.
“Шўртан” ПФК МЧЖнинг келгусидаги фаолияти, мақсад ва вазифалари тўғрисидаги барча масалалар бўйича янги 2020 йилнинг дастлабки кунларида ўтказиладиган кенгайтирилган йиғилишда келишиб олинади. Бу ҳақда клуб томонидан ОАВларида расман маълумотлар берилади.
Клубнинг кўп минг сонли мухлислари, “Шўртан” ПФКнинг сайти ва ижтимоий тармоқдаги телеграмм каналининг ўқувчиларига эса бизни кузатиб қолинг ва расмий бериладиган хабар ва янгиликларимизни ўқиб боринг, деб қоламиз. Республикамизнинг турли ОАВларида фаолият кўрсатаётган барча ҳамкасбларимизга эса «Шўртан» ПФК билан боғлиқ бўлган ҳар қандай саволлар билан клуб матбуот хизмати бўлимга мурожаат қилишлари мумкинлигини айтиб ўтамиз.
“Шўртан” ПФК мабуот хизмати