Пойтахтдаги “Ёшлик” спорт мажмуасида беш кун давом этган аёллар футзали бўйича мамлакат чемпионатининг биринчи давра ўйинлари ниҳоясига етди.
Барча рақибларини йирик ҳисобларда мағлубиятга учратиб, юз фоизли натижа қайд этган, бу йўлда ҳатто чемпионликка даъвогарлардан саналган “Металлург” жамоасини ҳам “аяб ўтирмаган” Қаршининг “Севинч” жамоаси биринчи давра якунига кўра якка пешқадам бўлиб турибди.
Турнинг асосий учрашуви, аввал хабар қилганимиздек, “Севинч” ва “Металлург” жамоалари ўртасида кечди. Ўйиннинг бошида майдонда саф тортган ва ўйинни бошлаб берган футболчиларни гўёки бир клубни иккига бўлиб, ўртоқлик учрашувида майдонга туширгандек тасаввур уйғотарди. Сабаби, “Металлург” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган футболчилар яқин-яқингача “Севинч” таркибида тўп суришарди, “Севинч”нинг муваффақиятларига ҳисса қўшишарди. Энди эса Қашқадарё аёллар футболида камол ва ҳурмат топган қизлар бекободликлар сафида собиқ жамоадошларига, таъбир жоиз бўлса, собиқ “сингиллари”га қарши ҳаракат қилишарди.
Тўрисини айтганда, бекободликлар сафида ўйнаган “Севинч”нинг собиқ қизлари аввалги хатти-ҳаракатларини ярмини ҳам кўрсатиб бера олишмади. Техник жиҳатдан тажрибаси сезилиб турган бўлса-да, тактик ва жамоавий ўйинда, ҳатто жисмоний тайёргарлик бўйича ҳам мухлисларда яхши таассурот қолдирмаганлиги бор гап. “Севинч”да эса аксинча, авваллари захира майдонида ўтирган қизлар собиқ “опалари”га нималарга қодир эканликларини исботлашга интилишди ва бунинг уддасидан чиқишди ҳам.
Чемпионат бошида “Металлург”да янги иш бошлаган жамоа бош мураббийи Аваз Мақсумов таркибни кучли футболчилар эвазига шакллантира олганлигига, мақсадлари фақат бош мукофот эканлигига урғу берганди. Якунда эса бунинг акси бўлиб чиқди. “Металлург” ҳаттоки “Пахтакор” билан кечган ўйинда ҳам қийинчилик билан ғалаба қозонди.
Чемпионат энди бошланди. Олдинда ҳали яна иккита давра ўйинлари бор. Балки чемпионатнинг бўлажак ғолиб ва совриндорлари ҳақида ҳозирча хулоса қилмай турган афзалдир…
15 февраль
“Севинч” – “Пахтакор” – 10:2
“Металлург” – АГМК – 18:0
16 февраль
“Локомотив” – “Металлург” – 1:6
АГМК – “Севинч” – 1:22
17 февраль
“Локомотив” – “Севинч” – 1:6
“Пахтакор” – АГМК – 11:2
18 февраль
“Металлург” – “Севинч” – 0:6
“Локомотив” – “Пахтакор” – 3:5
19 февраль
“Металлург” – “Пахтакор” – 7:2
“Локомотив” – АГМК – 17:0
1-даврадан кейинги вазият:
1.”Севинч” 4 4 0 0 44-4 12
2.”Металлург” 4 3 0 1 31-9 9
3.”Пахтакор” 4 2 0 2 20-22 6
4.”Локомотив” 4 1 0 3 22-17 3
5.АГМК 4 0 0 4 3-68 0
Чемпионатнинг иккинчи ва учинчи давра ўйинлари 2-7 ҳамда 15-20 март кунларига белгиланган.
Манба: pfl.uz