ХОТИРА МУҚАДДАС
(“Пахтакор-79” футболчиларининг ҳалок бўлганига 40 йил тўлди).
Шу кунларда Республикамиз футбол жамоатчилиги томонидан 1979 йилнинг 11 августида Днепродзержинск (Украина) осмонида фожеали тарзда ҳалок бўлган пахтакорчилар хотирасини ёд олиш борасида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида эса туркум мақолалар чоп этилмоқда, эшиттиришлар берилмоқда, кўрсатувлар қилинмоқда.
Футбол бўйича Ўзбекистон Биринчилиги ПРО-Лига “А” гуруҳида иштирок этувчи “Шўртан” жамоасининг Ғузордаги “Марказий” стадионида кўп йиллардан буён сухандон бўлиб ишлаб келаётган фидойи инсон, Олий тоифали мураббий, “Меҳнат Шуҳрати ордени” соҳиби Суюн Ортиқов ҳам ўша 17 нафар марҳум пахтакорчилар тўғрисидаги мухтасар хотираларини баён қилди. Эътиборингизга ана шу ҳикояларидан бир шингил ҳавола этамиз:
РУСТАМ АКРАМОВ САБОҚЛАРИ
Душанбе (Тожикистон) жисмоний тарбия техникумини 1969 йили тугатганимдан сўнг, 1974 йилда Тошкентдаги ҳозирги Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим. Шу йили факультетимизга бир неча нафар Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси ўйинчилари ҳам кириш имтиҳонларини топширишиб, талабаликка қабул қилинишди. Институт футбол бўлимининг бошлиғи Рустам Акрамов барча талабаларга футбол сирларидан кўп сабоқ бергани ёдимда.
ФАХР–ИФТИХОР ТУЙҒУСИ
Ўшанда, яъни 1974-1979 йиллари мени бошқалардан ёшим улуғроқлиги туфайли бўлса керак, гуруҳ сардори этиб тайинлашганди. Бу ҳолат камина қалбида қанчалик даражада фахр ва ғурур туйғуларини уйғотганлигини ифодалашим қийин. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, бир курсда пахтакорчилардан кимсан – Сергей Покатилов, Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Анатолий Могильний, Александр Корченов каби юлдузлар билан ўқиш ҳаммага ҳам насиб этавермасди-да.
АҚЛ-ИДРОК, ИСТЕЪДОД ВА ОДАМИЙЛИК ҲИСЛАТЛАРИ
Йигитлар билан ҳар сессияда дийдор кўришар эдик, суҳбатлашардик, ўқиш давомида бир-биримизга ҳар томонлама ёрдам берар эдик. “Пахтакор-79” аъзолари ҳар томонлама ақлий билимдон, салоҳият жиҳатидан анча етук ва комил инсонлар эдилар. Самимийлиги, қувноқлиги, истеъдоди ва айниқса, одамийлик жиҳатларини таърифлашга эса тил ожиз…
Улар билан бир неча йиллар давомида бақамти, ёнма-ён имтиҳон топширганмиз. Хуллас, синовлардан ўтганимиздан кейин барчамиз уй-уйимизга, ишимизга кетардик. Улар эса яна ўз жамоаларида тўп суришга тарқалишарди.
ЮРАГИМДАГИ АРМОН
1979 йили барчамиз бирга йиғилиб, битирув кечасида фотосуратга тушишни ният қилган эдик. Бироқ келишилган куни сураткаш институтга ўз вақтида етиб келмади. Ўша йили институтимиз раҳбарияти ва ўқитувчилари 17 июнь куни ҳаммамизга битирганлигимиз тўғрисида диплом ва кўкрак нишонини тантанали равишда топширишди. Биз ҳаммамиз бир-биримизни қизғин табриклаб, ўз вилоятларимизга йўл олдик. Биргаликда расмга туша олмаганимиз эса юрагимда бир умрга армон бўлиб қолди.
УЛАРНИНГ СТАДИОНИ САМОЛАРДА
Афсуски, орадан 2 ойча вақт ўтмасдан – 1979 йилнинг 11 август куни “Тошкент-Минск” йўналишида авиаҳалокат юз берди. Самолёт экипажи ва йўловчиларнинг барчаси, шу жумладан шонли “Пахтакор” жамоамизнинг 17 нафар аъзоси ҳалок бўлишди. Улар орасида собиқ курсдошларим ҳам Днепропетровск осмонида юлдузлар каби сочилиб кетишди.
Фожеага роппа-роса 40 йил бўлган эрса-да, ўн етти юлдузимизнинг порлоқ хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди.
Вақт ўтган сайин мухлисларимиз афсоналарга айланган ўғлонларини янада кўпроқ қўмсайверади, соғинаверади. Уларнинг стадиони самоларда, хотиралари эса қалбимизда.
“Пахтакор–79”нинг 17 НАФАР аъзоси
- Идгай Тазетдинов – мураббий
- Мансур Толибжонов – жамоа маъмури
- Владимир Чумаков – шифокор
- Сергей Покатилов – дарвозабон
- Олим Аширов – ҳимоячи
- Юрий Загуменних – ҳимоячи
- Николай Куликов – ҳимоячи
- Равил Агишев – ҳимоячи
- Шуҳрат Эшбўтаев – ҳимоячи
- Сирожиддин Бозоров – ҳимоячи
- Михаил Ан – ярим ҳимоячи
- Александр Корчёнов – ярим ҳимоячи
- Константин Баканов – ярим ҳимоячи
- Владимир Макаров – ярим ҳимоячи
- Владимир Собиров – ярим ҳимоячи
- Владимир Фёдоров – ҳужумчи
- Виктор Чуркин – ҳужумчи
“Шўртан” ПФК матбуот хизмати бўлими