Иккинчи даврага тайёргарлик жараёнларида Ғузорликлар таркибида ёзги ўқув-йиғин машғулотлари ва синов назорат учрашувлари давомида бир нечта янги футболчилар иштирок этишганлиги тўғрисида аввал хабар берган эдик.
Мураббийлар гуруҳи таркибни кучайтириш мақсадида тажрибали футболчилар хизматидан фойдаланишни режалаштиришган эди. Аваз Агалиев (“Динамо” Самарқанд), Лазиз Убайдуллаев (“Хоразм” Урганч ), Аҳрор Ўктамов ( “Раш-Милк” Шаҳрихон) ва Элбек Равшанов (“Нурафшон” Тошкент вилояти) шулар жумласидан эди. Куни кеча, яна ҳам аниқроғи 13 тур арафасида А.Агалиев, А.Ўктамов ва Э.Равшановлар билан шартнома имзоланди. 28 июль куни “Хоразм” билан сафарда ўтказилган учрашувда фақатгина А.Ўктамов иштирок этди ва киритилган голга муаллифлик ҳам қилди. Агалиев ҳамда Равшановларнинг тиббий кўрик билан боғлиқ муаммолари борлиги сабабли, улар энди 7 август куни “Истиқлол”га қарши бўладиган 14-тур учрашувида майдонга тушишади.
Маълумки, Ўзбекистон биринчилигида футболчилар учун ёзги трансфер ойнаси 5 август кунига қадар очиқ туради. Айнан ушбу жараённинг сўнгги кунида “Оқ бўрилар” жамоаси сафига Лазиз Убайдуллаев ҳам расман қўшилди. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, бу футболчи ўз вақтида “Шўртан” таркибида фаолият кўрсатган.
“Шўртан” ПФК матбуот ҳизмати