ЎФА тартиб интизом қўмитаси “Металлург” – АГМК учрашувидаги баҳсли вазиятлар бўйича қарор чиқарди

Суперлиганинг 14-тури доирасидаги “Металлург” – АГМК учрашувида кўплаб баҳсли вазиятлар рўй берди ва мухлис-у мутахассисларнинг баҳс-мунозаларига сабаб бўлди. ЎФА тартиб интизом қўмитаси ушбу учрашув юзасидан йиғилиш ўтказди ва ўйиндаги барча вазиятларни синчковлик билан ўрганиб чиқди.

Натижада, АГМК клуб бош мураббийи Миржалол Қосимов учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга очиқчасига эътироз билдириб, унга нисбатан қўпол муомалада бўлгани учун суперлиганинг 1 учрашувига дисквалификация қилинди ва жаримага тортилди.

Учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаев ишида эса ўйин тизгинини қўлдан чиқариш, кўплаб хатоларга йўл қўйиш каби камчиликлар аниқланди. Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда тартиб интизом қўмитаси Насибуллаевни 4 учрашувга четлатди ва жаримага тортди.

Ўйинга ҳар томонлама профессионал даражада тайёргарлик кўрмаганлиги аниқланган ушбу ҳакам, шунингдек, қуйи лигага туширилди.

ЎФА ҳамда ПФЛ ҳакамлар, мураббий ва футболчилар, шунингдек, футбол учрашувларида ишлайдиган барча масъул ходимларни профессионаллик, ўзаро ҳурмат ҳамда интизом нормаларига қатъий риоя қилишга чақиради.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply