“Зирабулоқ” клубига техник мағлубият ёзилди

Биласиз, 23 июнь куни B Про-лига иштирокчи жамоалари 11-тур доирасидан ўрин олган баҳсларни ўтказишди.

Тур доирасидан ўрин олган “Зирабулоқ” — “Ғиждувон” баҳси ҳам аслида 23 июнь куни ўтказилиши лозим эди. Бироқ Навоий вилояти Кармана туманидаги “Ёшлик” ўйингоҳида шу куни вилоят миқиёсидаги муҳим байрам тадбири бўлиб ўтиши муносабати билан “Зирабулоқ” клуби мазкур ўйинни бир кун кейин ўтказишни сўради. “Ғиждувон” клуби ҳам бунга розилик бергани боис ўйин 24 июнь санасига кўчирилди.

Бироқ мазкур учрашув бугун ҳам ўтказилмади. “Зирабулоқ” жамоасига эса учрашувни ўз майдонида ўтказишга умуман тайёр эмас экани сабаб техник мағлубият ёзилди.

Ўзбекистон профессионал футбол клублари учун 2019 йилги мавсум мусобақалари Регламенти 4.4 бандига асосан, футбол клублари учрашув ўтказилиши билан боғлиқ зарур ташкилий масалаларни ҳал этиш учун масъулдир. Улар ички ишлар органлари билан ҳамкорликда учрашувдан олдин, учрашув давомида ва учрашувдан кейин стадионда, унга туташган ҳудудда интизом ҳамда жамоатчилик тартибини сақлаш учун барча зарур чораларни кўришлари шарт саналади. Аммо “Зирабулоқ” клуби бу бандга асосан иш олиб бормади. Қолаверса, учрашувга тез тиббий ёрдам вакилларининг ўз вақтида етиб келиши таъминланмади.

Шунингдек, 6.39 бандга асосан майдон эгалари учрашув расмийларига ўйин видеоёзувини тақдим этиш имконияти йўқ экани маълум бўлди.

Бундан ташқари, 12.7 бандга кўра, стадионнинг ва тегишли хизматларнинг учрашувни ўтказишга тайёр экани бўйича акт тақдим этилмади. Юқорида санаб ўтилган сабабларга асосан “Зирабулоқ” — “Ғиждувон” учрашувида мезбон клубга техник мағлубият ёзилди.

“Зирабулоқ” — “Ғиждувон” -:+

Манба:pfl.uz

Leave a Reply