Суперлига ва А Про-лига клублари матбуот котиблари учун семинар бўлиб ўтди

Кеча Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан Суперлига ҳамда А Про-лига иштирокчи клублари матбуот хизмати раҳбарлари учун махсус семинар ташкил этилди.

Айни пайтда Суперлига, Про-лига ҳамда кубок беллашувлари натижалари ва ўйин атрофидаги воқеалар ҳақида батафсил маълумот бериш, ишқибозларни севимли жамоалари ҳаётига оид янгиликлардан ҳамиша тезкорлик билан бохабар этиб боришда клублар матбуот хизматларининг ўрни беқиёс, албатта. Сўнгги йилларга келиб клубларимиз матбуот хизматлари фаолияти анча ўсди. Ҳозирги кунга келиб клубларнинг матбуот хизматлари анча барқарор иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳар мавсум аввалида, ўртасида ва мавсум якунига етгач клублар матбуот хизматлари учун семинарлар ташкил этиб келмоқда. Семинарлар давомида мавжуд ютуқ ва камчиликлар муҳокама этилиб, иш фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича таклифлар ўртага ташланмоқда.

Кеча бўлиб ўтган семинар давомида ҳам Суперлига ва А Про-лига клублари матбуот хизматларининг мавсум бошидан буён амалга ошириб келаётган фаолияти таҳлил этилди. Матбуот хизмати раҳбарлари ўз ҳамкасблари фаолиятидаги ютуқ ва бартараф этиш лозим бўлган жиҳатларни қизғин муҳокама этишди.

Куннинг биринчи ярмида семинар ташкил этилган бўлса, тушдан сўнг барча клублар матбуот хизмати раҳбарлари Ўзбекистон ва КХДР терма жамоалари ўртасидаги халқаро ўртоқлик учрашувини бевосита кузатиб боришди ва ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам қатнашишди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply