Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан пойтахтимиздаги Учтепа туманида жойлашган 431-сонли Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб байрам тадбири ташкил этилди.
Мазкур муассасада руҳий ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар таълим олишади.
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил қилинган спорт байрами тадбирида ПФЛ Мухлислар билан ишлаш ва оммавий спорт тадбирларини ташкил бўлими вакиллари ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов ва миллий терма жамоа ёрдамчи мураббийи Хосе Фантагуччи иштирок этишди.
Жалолиддин Машарипов болалар билан турли футбол машқлари ва қизиқарли тадбирлар ўтказиб, болажонларга аввало қувонч ва уларга турли совға-саломлар улашди.
Ўз ўрнида 431-сонли Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудираси Мусаева Дилноза Мирзохидовна Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигасига миннатдорчилик билдириб, келгусида яна шундай тадбирларда қатнашишга таклиф қилди.
Манба:pfl.uz