Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси миллий чемпионатимиз савиясини ва ўйинлар томошабоплигини ошириш, кенг жамоатчиликнинг миллий футболимизга бўлган эътибори ҳамда қизиқишини орттириш мақсадида қатор лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.
Мавсум олдидан барча клубларга лицензиялаш бўйича талаблар тақдим этилди. Бунинг натижаси ўлароқ Суперлига клублари кўплаб жабҳаларда, жумладан стадион ҳамда майдон ҳолати бўйича ижобий ўзгаришларни амалга оширишди. Шунингдек, эндиликда деярли барча клуб ўз мадҳияси ҳамда маскотига эга бўлди. Стадионларга мухлисларни янада кўпроқ жалб этиш, уларга кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича янги-янги ташаббуслар клубларга тақдим этиб келинмоқда. Шу ва бошқа масалаларни атрофлича муҳокама этиш мақсадида бугун ЎзПФЛ биносида Суперлига клублари бош директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров сўз олиб, мавсум бошидан буён лига ҳамда клублар томонидан амалга оширилган ишлар, лойиҳаларга батафсил тўхталиб ўтди. Ортда қолган қисқа давр мобайнида ижобий ўзгаришлар кўп бўлгани, лекин айрим жиҳатлар бўйича ҳали ҳам камчиликлар кузатилаётгани таъкидлади.
Жумладан, майдон ҳолатининг идеал тарзда бўлиши талаб қилинаётгани ва бу борада аксарият клублар янги чим олиб келиб, футболчилар ва мухлислар учун айни муддао бўлган ишни амалга оширгани қувонарли. Лекин чимни шундай ўз ҳолига ташлаб қўйиш эмас, балки унга керакли парваришни мавсум давомида бир маъромда бериб бориш, бу орқали эса мавсум якунига қадар барча стадионлар майдони яхши ҳолатда сақланишини таъминлаш зарур экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, мухлислар учун стадион ва секторларда қулайликлар яратиш, ўйин кунлари ва ҳафта давомида клуб дўконлари мунтазам ишлаб туришини таъминлаш, ўйин пайтида эса стадионда озиқ-овқат ҳамда салқин ичимликларнинг мақбул ва арзон нархларда сотилишини таъминлаш, ўйиндан олдин ва танаффус вақтида турли акция ва шоу-дастурлари уюштириш масаласига ҳам жиддий эътибор бериш лозим экани таъкидланди.
Шунингдек, клубларнинг фақат жорий мавсум эмас, балки келаси йиллар учун ҳам тайёргарликни бугундан бошлаши лозимлиги, бунинг учун Лицензиялаш регламентида кўрсатиладиган талаблар ижросини ҳозирданоқ бажаришга киришиш, борган сайин клуб инфратузилмасини яхшилашга интилиш лозим эканига ҳам алоҳида урғу берилди.
Қолаверса, ҳомий ташкилотлар билан ишлашни, клубларга ҳам ҳомийларни жалб этишга кўпроқ ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада клубларнинг маркетинг бўлими фаоллигини ошириш, якунда эса клубнинг ўз ҳаражатларини бемалол ўзи қоплай олиши даражасига кўтарилишга интилиш айни пайтда долзарб экани бор гап. Шунингдек, клубларнинг мухлисларга янада яқинлашиши, ишқибозлари сонини кўпайтиришида медиа соҳасида ҳам фаолликни ошириши, маркетинг бўйича ишқибозларга маъқул келадиган лойиҳа ва тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб бориши зарур экани клублар бош директорларига таъкидланди.
Шунингдек, кеча бош мураббийлар иштирокида ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, энди Профессионал футбол лигаси клубларнинг жисмоний тайёргарлик бўйича иш режаси билан мунтазам танишиб, таҳлил этиб боради. Ўйин темпини ва учрашувларда фаол ўйин вақтини ошириш, бунинг учун футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ҳар доим барқарор ушлаб туриш масаласи бундан буён жиддий эътиборда бўлади. Машғулот майдони, тренажёр зали бўйича мабодо қайсидир клубда камчилик кузатилса, уни бартараф этишга кўмак кўрсатилади.
Қолаверса, сўнгги пайтларда ҳакамлик масаласига Профессионал футбол лигаси жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Жорий йилдан эътиборан ПФЛ ҳакам, назоратчи ҳамда комиссарлар ҳаражатларини ўз зиммасига олди. Натижада клуб вакилларининг ҳакамлар билан бевосита алоқага чиқишига ҳожат қолгани йўқ. Шу боисдан қайсидир клуб вакили ҳакам билан боғланишга ҳаракат қилгани маълум бўлса, ўша клуб жиддий жазоланиши алоҳида қайд этилди.
Яна клублар штат жадвалларига жиддий эътибор қаратиши лозим экани, ҳар бир клубда ўз ишининг усталари фаолият олиб боришини таъминлаш, штат бўйича клубда ишлаши зарур бўлган барча мутахассисларнинг чиндан ҳам фаолият олиб боришини назорат қилиш бош директорлар зиммасига юклатилди.
Шунингдек, эндиликда бош директорлардан ўз жамоаси футболчиларининг майдонда ўзларини тўлиқ профессионал тарзда тутишларини, одоб-аҳлоқ меъёрларидан четга чиқмасдан, ўйинлар пайти асло хунук ҳатти-ҳаракатларни амалга оширмаслигини назорат қилиш, бунинг учун зарур бўлса маънавият соатларини ташкил этиш талаб қилинади.
Клублар бош директорлари ҳам миллий чемпионатимиз савиясини, клубларнинг инфратузилмасини яхшилаш бўйича берилаётган ушбу кўрсатмалар фақат ижобий натижа беришга хизмат қилишини билдириб, бу борада ўз таклиф ва мулоҳзаларини тақдим этишди.
Майдонлар ҳолати, мухлислар билан ишлаш, ҳомий ташкилотлар ва ҳамкорлар сонини ошриш, лицензиялаш талаблари ва уларнинг ижроси, ҳакамлик, ўйинлар ташкилотчилиги каби кўплаб масалалар муҳокама этилган йиғилишда барча ўз таклифларини билдирди, ўзаро фикр алмашиниб, юқорида санаб ўтилган соҳаларда ишни янада жадаллаштиришга эътибор берилиши келишиб олинди.
Манба:pfl.uz