23 февраль куни Ўзбекистон Суперкубоги-2019 учрашуви бўлиб ўтади

Юртимизда янги футбол мавсуми старт олишига ҳам борган сайин оз муддат қолмоқда. Янги мавсумни Ўзбекистон Суперкубоги учун ўтказиладиган ўйин очиб беради.

Биласиз, Суперкубок учрашувида мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони – “Локомотив” ҳамда 2018 йилги Ўзбекистон кубоги соҳиби – АГМК жамоалари соврин учун кураш олиб боришади.

Олдинроқ хабар берилганидек, Ўзбекистон Суперкубоги-2019 ўйини 23 февраль куни бўлиб ўтади. Мазкур баҳс пойтахтимиздаги “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Спорт телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади ва учрашув соат 15:00да старт олади.

Учрашувдан бир кун аввал ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилади. Шунингдек, ўйин бошланишидан олдин ва танаффус вақтида юртимизнинг эл суйган санъаткорлари иштирокида концерт дастури ва турли тадбирлар ташкил этилади.

Қолаверса, мазкур ўйинни юқори савияда ташкил этиш борасида Республика маҳаллалар кенгаши томонидан ҳам бир қатор акциялар ўтказилиши мўлжалланган. Шунингдек, имконияти чекланган болаларга ўйин олдидан турли совға-саломлар ҳам тақдим этилади. Шу куни стадионга ташриф буюрадиган ишқибозларни яна бошқа сюрпризлар ҳам кутади.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Суперкубоги учун учрашувлар шу пайтга қадар 4 марта ўтказилган. 

1999 йил. Навбаҳор (Наманган) 4:2 Пахтакор (Тошкент)

2014 йил. Бунёдкор (Тошкент) 2:1 Локомотив (Тошкент)

2015 йил. Локомотив (Тошкент) 4:0 Пахтакор (Тошкент)

2016 йил. Насаф (Қарши) 1:0 Пахтакор (Тошкент)

Манба:pfl.uz

Leave a Reply