Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Профессионал футбол лигаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ҳамда футболни тарғиб қилиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, спорт ва хусусан, футболни тарғиб этувчи туркум, республика ва халқаро мусобақа ва тадбирлар ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилиниши борасида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Профессионал футбол лигаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга асосан талабалар ўртасида футбол билан шуғулланиш, уларда миллий чемпионатимиз ва клубларимизга бўлган қизиқишни орттириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, талаба ёшларнинг футбол учрашувларига ташриф буюришларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилади.

Жумладан, талабалар ўртасида Суперлига клублари эмблемалари туширилган футболка, кепка ва бошқа экипировкаларни кўпроқ тарғиб этиш йўлга қўйилади. ПФЛ томонидан Олий таълим муассасаларининг ҳаваскор футбол клубларига амалий кўмак кўрсатиб борилади.

Қолаверса, олий таълим муассасаларининг ҳаваскор жамоаларида фаолият олиб борувчи иқтидорли ёшларни клубларга жалб этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ҳудудларда талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлашда футбол ўйини учрашувларига уларни ихтиёрий жалб этиш орқали ёшларнинг футболга қизиқишини янада ошириб, юртимиз жамоаларини мухлислар томонидан муносиб қўллаб-қувватланиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, Олий ўқув юрти талабалари, академик лицей ва коллеж ўкувчилари ўртасида оммавий футбол мусобақалари, футзал ва аёллар футболи бўйича мусобақаларни юқори савияда ташкил этишда Профессионал футбол лигаси Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига яқиндан кўмак беради.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply