Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси шу кунларда Қиргулидаги “Нефтчи” СК стадионида қишки ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқда.
Клуб матбуот хизматининг маълумот беришича, Қиргулидаги йиғинга бош мураббий Баҳром Ҳайдаров бошчилик қилмоқда. Унга катта мураббий Диёр Алижонов ҳамда ёшлар мураббийи Абдусамад Дўрмоновлар ёрдам беришмоқда. “Нефтчи” аъзоларини жисмоний ҳолатини яхшилаш борасида Илҳом Зайлобитдинов меҳнат қилмоқда. Хислат Чилматов эса доимгидек дарвозабонлар билан ишлаяпти. Мураббийлар штаби футболчиларга икки махалдан машғулотлар ўтказишмоқда. Кеча оқшом бўлиб ўтган машғулот давомида жамоа икки гуруҳда бўлинган ҳолда кичик беллашув ҳам ўтказди.
Жамоа билан шартномаси якунига етган бир қатор ўйинчилар “Нефтчи” билан хайрлашди. Ижара муддати тугаган футболчилар эса собиқ жамоалари сафига қайтиб кетишди. Айни пайтда “Нефтчи” жамоаси сафига бир қатор янги футболчилар келиб қўшилишмоқда. Агарда ушбу ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул келса улар билан шартнома имзоланиб, клуб расмий сайти орқали эълон қилинади. “Нефтчи” клуби раҳбарияти ўтган мавсум давомида жамоа шарафини ҳимоя қилган бир қатор ўйинчиларни ортда қайтариш ёки ижара асосида клубга чорлаш бўйича музокалар олиб бормоқда. Таъкидлаш ўринлики, янги футболчилар борасида келишувлар расман якунлангач уларнинг исми-шарифлари маълум қилинади.
Тез кунларда Фарғонада анъанавий “Ҳоким Кубоги” баҳслари бошланади. “Нефтчи” жамоаси ҳам ушбу турнирда иштирок этиши режа қилинган. Фарғона футбол ассоциацияси томонидан ўтказиладиган мусобақада Суперлига, Про-лига ҳамда қўшни Республикадан бир қатор жамоалар иштирок этишини кутилмоқда.
Манба:pfl.uz