“Шўртан” жамоаси ҳам айни пайтда бошқа клублар қатори янги мавсумга тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоа устози Акмал Саитқулов клуб матбуот хизматига тайёргарлик жараёни, олдиндаги режалар, таркибни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапириб берди:
– 2018 йилги ПРО-Лиганинг сўнгги икки тур учрашувида раҳбарият томонидан жамоа бошқаруви Сизга топширилди. Кўп йиллардан буён шу клубда мураббий сифатида ишлаб келяпсиз. Бош мураббийликда эса дебют қилдингиз. Дастлабки икки ўйин (“Шўртан” – “Сурхон” – 3:2 ва “Хоразм” – “Шўртан” – 0:0) кўнгилдагидек ўтди. 2019 йил мавсумини вақтинча бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида қанақа режалар билан бошламоқчи ?
– Ўтган мавсум албатта, бизнинг жамоа учун қизикарли ва кескин курашларга бой тарзда ўтди деб ўйлайман. ПРО-Лиганинг сўнги икки тур учрашуви қолганида раҳбарият томонидан зиммамга масъулятли вазифа – жамоа бош мураббийлиги юклатилди. Ўйлайманки, ушбу вазифани яхши натижа билан уддаладик.
Бу йилги янги мавсумга ҳам тайёргарлик жараёнларини вақтинча олиб бориш яна менга топширилди. Албатта бундан жуда ҳам хурсандман. Раҳбарият ва қолаверса, куп минг сонли мухлисларимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Ғузорли мухлислар ҳар сафаргидек бу йил ҳам “Шўртан”дан яхши натижалар кутишади. Шунинг учун янги мураббий келгунга қадар, футболчиларнинг жисмоний ва тактик холатини йўқотмаслик учун янги мавсум тайёргарлигини 7 январдан тикланиш машқлари билан бошлаган эдик. Мана бугун ўн кунлик ўқув-йиғин машғулотлар якунланди. Шу ўн кун ичида “Насаф” жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Шу кунларда яна битта ўйин ўтказиш режамиз ҳам бор.
Жамоа олдига қўйилган бош мақсадимиз чиройли ўйинлар кўрсатиб, мухлисларни ғалабалар билан хурсанд қилиш. Таркибга энг аввало “Шўртан” ПФК қошида фаолият кўрсатиётган футбол мактаби тарбияланувчилари ва вилоятимиз туманларидан иқтидорли ёшларни жалб қилишни режалаштирганмиз.
– Спортдаги фаолиятингизга назар ташласак, “Шўртан” ПФК таркибида аввалига оддий футболчи сифатида ҳаракат қилгансиз. Кейин эса кўп йиллар давомида мураббийлар сафида бўлдингиз, бир қанча таниқли ва тажрибали мутахассислар билан ёнма-ён туриб ишладингиз. Қанчалик билим ва малака орттирдим деб ўйлайсиз? Ва бу кўникмаларни бош мураббийлик фаолиятингизда қанчалик даражада қўлламоқчисиз?
– Тақдирим бевосита “Шўртан” футбол кулби билан чамбарчас боғлиқлигидан бахтиёрман. Аввалига футболчи, 2007 йилдан эса футбол мактабида мураббий бўлиб иш бошладим. 2016 йил “Шўртан” ёшлар жамоасида Б.Шоймардонов, 2017 йил А.Алиқулов ва 2018 йил Ё.Назаров ва М.Отажоновлар каби малакали ва тажрибали мураббийлар билан ёнма-ён фаолият олиб бордим. Улардан олган билим ва малакаларим мураббийлик ишимда асқотади, деб ўйлайман.
“Шўртан”матбуот бўлими.
@shurtanpfc