Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси ўзбек футболида коррупция, порахўрлик ва таъмагирлик каби иллатларни йўқотиш ва уларга қарши курашиш йўлида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Мана шундай ноқонуний ҳаракатлар билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига топшириш мақсадида мунтазам равишда текширув ишлари амалга оширилмоқда. Ана шундай текширув ишлари натижасида ПФЛ Спорт бўлими мутахассиси Родион Кондратьев таъмагирлик билан шуғулланаётгани маълум бўлди.
У Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Ёшлар Иттифоқи»нинг «Иттифоқ» жамоасини Про-лиганинг «В» лигасида иштирок этиши учун лицензиялашдан ўтказиб бериш эвазига 2 500 АҚШ доллари миқдорида пора сўраган. Бу ҳақида хабар топган ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси Тошкент шаҳар прокуратурасининг Иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш департаменти билан ҳамкорликда махсус тадбир ўтказди. Ана шу тадбир натижасида бугун Родиoн Кондратьев Ўзбекистон Давлат Косерваториясининг ёнида 1 500 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасида жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда.
Эндиликда Родин Кондратьев ўз қилмиши учун қонунда белгиланган тартибда жавогарликка тортилади. Шунингдек, Родион Кондратьев билан биргаликда мана шундай таъмагарликка қўл урган жиноий шериклари ҳам қонун олдида жавоб беради.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси эндиликда мана шундай нотўғри йўллар орқали ўз ғараз ниятига эришишга интилувчи ҳар қандай шахсга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини маълум қилади. Жумладан, фаолияти давомида қайсидир масалани ўз фойдасига ҳал қилиш мақсадида пора олган мутахассис ёки унга пора таклиф этган клуб мутасаддиларига ҳам жиддий жазо чоралари қўлланилади. Шунингдек, келишилган ўйинлар ташкил этишга аралашган ҳар қандай шахс, футболчи, мураббий, ҳакам ёки учрашув комиссари ҳам ПФЛ ва ЎФА томонидан бутун умрга футбол фаолиятидан четлатилади ва қонуний тарзда жазоланади.