Ҳар томонлама қизиқарли ва томошабоп, мухлисларга манзур бўлувчи чемпионат ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ортда қолган мавсумда кўплаб жабҳаларда, жумладан мамлакат Суперлигаси учрашувлари телетрансляцияси борасида анча олдинга қадам ташлади.
2018 йилги мавсум учрашувлари давомида ўйинни томоша қилаётган мухлислар жамоалар футболчилари эгнидаги либосда уларнинг фамилияси ҳамда рақами турли кўринишда ёзилгани сабаб баъзан ўйинчиларни таниб олишда кичик муаммоларга дуч келган ҳолатлари ҳам кузатилди. Зеро клублар формаларида акс этувчи шрифт ҳар доим ҳам яққол кўзга ташланадиган ва ўқилиши содда бўлавермайди.
Жаҳоннинг етакчи лигалари тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мавсумдан эътиборан Суперлига ва Про-лига “А” гуруҳи клублари форма учун ягона стандарт шрифтдан фойдаланишларини маълум қилади.
Англия, Франция, Португалия, Испания каби етакчи мамлакатлар миллий чемпионатларида аллақачон ушбу тажрибадан фойдаланишади. Англия клублари учун 1997 йилда ягона шрифт ишлаб чиқилган бўлса, Испанияда ўтган мавсумдан бошлаб барча клублар бир хил стандарт шрифтдан фойдаланиб келишмоқда.
Барча клублар учун стандарт шрифт жорий этилиши юқоридаги мамлакатлар футбол жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватлаб келинади. Зеро ҳаммага бирдек тушунарли ва яққол кўзга ташланувчи шрифтдан фойдаланилса, стадиондан ўйинни кузатаётган мухлис ҳам, ўйинни ТВ орқали томоша қилаётган ишқибоз ҳам майдонда тўп сураётган футболчиларни ҳеч қандай қийинчиликсиз таниб олиши мумкин бўлади.
Янги мавсумдан эътиборан Ўзбекистон Суперлигаси ва Про-лигаси “А” гуруҳи иштирокчи жамоалари ҳам бир хил шрифтдан фойдаланишади.
Манба:pfl.uz