Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мавсум учун ҳаракатни расман бошлади. Бир неча кун аввал “ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент” ишлаб чиқилганди. Энди эса мазкур регламент ЎФА Ижроқўми бюроси томонидан тасдиқланди.
Мазкур регламент футбол клубларини 2019 йилги мавсум учун тайёрлаб боради. Бундаги энг катта янгилик — келаси мавсумдан бошлаб ПФЛ доирасидаги мусобақалар сонининг яна 1 тага ошишидир. Лицензиялаш регламентида Суперлига ва Про-лига қаторида, келаси йилдан бошлаб ташкил этиладиган 2-лига учун талаблар ҳам акс этган. Шу вақтгача 2-лига сифатида тушуниб келинган ва вилоят футбол федерациялари томонидан ўтказилган 2-лига мусобақалари эса энди расман 3-лига номини олади.
Профессионал футбол лигаси эртага — 21 ноябрь куни юқоридаги регламентни Суперлига ва Про-лига клубларига электрон тарзда етказиб беради. Шунингдек, регламент футбол жамоатчилиги учун ҳам тақдим этилади. Тез кунларда лицензиялаш бўйича регламент китобча ҳолида ҳам чоп этилади.
Мазкур регламентдаги эътиборга молик жиҳатлар ҳақида босқичма-босқич маълумот бериб борилади. У Осиё футбол конфедерациясининг клубларни лицензиядан ўтказиш талаблари асосида ишлаб чиқилган.
Манба:pfl.uz