Наманган вилояти Футбол Ассоциацияси вице-президенти Шамшод Сариков: «Клуб стадионида барча талаблар бажарилади»

Фарғона водийсида стадионларни инспекциядан ўтказаётган ПФЛ комиссияси “Қўқон-1912” стадионини текширгач, Наманганга ташриф буюрди ва “Навбаҳор” футбол клуби стадионини испекциядан ўтказди.

Айни дамда, “Навбаҳор” футбол клуби стадионида чим талабга жавоб бермайдиган даражада, шунингдек, трибуналарда ҳам кичик муаммолар мавжуд.

Аввалроқ хабар берилганидек, ЎзПФЛ келаси мавсумдан бошлаб футбол клубларига жиддий талаблар қўйган ва клублар ҳозирдан келаси мавсум учун тайёргарликни бошлаши ва ПФЛни бундан хабардор қилиб бориши шарт. Бу масала “Навбаҳор” футбол клубига ҳам етказилди ва клуб келаси мавсум учун тайёргарлик бошланганини бизга маълум қилди.

Наманган вилояти Футбол Ассоциацияси Вице-президени Шамшод Сариков бу ҳақда биз билан суҳбатда шуни маълум қилди:

“ПФЛ талаблари асосида стадионда ишни деярли бошладик. Биз барча талаблар ҳақида хабардомиз ва албатта буни бажаришга тайёрмиз. Биринчи навбатда муаммо – чим масаласини албатта ҳал қиламиз. Айтишим мумкинки, “Навбаҳор” клуби стадиони чими барча халқаро стандартларга ҳамда ОФК ва ФИФА стандартларига жавоб берадиган тарзда янгиланади”, – дейди вилоят Футбол Ассоциацияси вице-президенти.

“Чим масаласи бўйича келишувга эришдик ва бу борада шартнома тузилади. Наманганга ташриф буюрган мутахассислар билан маслаҳат қилдик. Ваъда беришим мумкинки, стадион келаси мавсумга тайёргарликни катта масуълият билан олиб боради. Дренаж, чим ва бошқа жиҳозлар янгиланади. Шунингдек, ПФЛ мутахассислари билан стадиондаги СИП ўриндиқларни янгилаш масаласида гаплашдик. Айтишим мумкин, клуб стадионида барча талаблар бажарилади”, – деди Сариков.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply