ОАВдаги хабарларга ЎзПФЛ муносабати

Шу кунларда ОАВда Championat.asia сайти билан боғлиқ ҳолат юзасидан бир қатор хабарлар, мақолалар чоп этилмоқда. Уларда, асосан ЎзПФЛнинг ушбу сайт ходимлари аккредитациялари асоссиз тарзда бекор қилганини, бу ҳолат демократик жамиятга ярашмайдиган ҳолат дея таъкидланган.

ЎзПФЛ бу ҳолатга ўз муносабатини билдирар экан, Championat.asia сайти ходимларининг аккредитациялари бекор қилиниши аввало, ОАВ вакилларини аккредитациялаш ҳақидаги низом асосида, ундаги баъзи бандларнинг бузилиши туфайли шундай қарор қилинганини таъкидлайди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси ОАВ тўғрисидаги қонунчиликда ҳам ОАВ вакилларининг ўзини тутиши, амалдаги қонунчилик ва ҳар қандай ташкилотнинг тартиб ва қоидаларига бўйсуниши шартлиги белгиланган.

Демократик жамиятда аввало, амалдаги қонунчиликка бўйсунилади. Қолаверса, ҳар қандай ташкилотнинг ушбу қонунчилик асосидаги тартиб-қоидаларига амал қилиш ҳам, ҳар бир ОАВ учун шартлидир.

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси бугунга келиб, 30дан ортиқ ОАВ билан ҳамкорлик қилишини ва ташкилот бугун бошқа ОАВдан ҳам ҳамкорлик учун заявкалар келиб тушганини маълум қилади. Биз билан ҳамкорлик қилишни истаган ОАВ билан ташкилот ҳамкорлик яратишга ва уларга ҳар қандай шароит яратишга тайёр.

Шуни таъкидлаш керакки, ташкилот Championat.asia сайти ходимлари аккредитацияларини бекор қилишда, айнан амалдаги қонунчилик асосида, қолаверса, ОАВ вакилларини Ўзбекистон чемпионати ва кубоги учрашувлари учун аккредитациядан ўтказиш ҳақидаги ЎФА низомига кўра иш тутганини таъкидлайди. Жумладан, 28 октябрь куни “Ла Лига ва ПФЛ! Сизга қайси даврдаги ПФЛ қизиқроқ эди?” номли ушбу сайтда чоп этилган мақолада бир қатор асоссиз ва фактларсиз ёлғон маълумотлар берилган. Масалан, “Миллат кубоги деярли ҳеч қаерда ажиотаж олиб келмади. ПФЛ ва ЎФАнинг расмий сайтлари бор эътиборни Луис Гарсияга қаратди”. – дейилади. Бу маълумот ёлғон, боиси ПФЛ расмий сайти Фарғонадаги финал ҳақида финал куни ҳам, ундан олдинги кунларда ҳам батафсил ёритиб борди. Финалдан олдинги анонс, финал учрашуви тафсилотлари, фотогалерея ва интервьюлар ёритилди.

“Стадионга мухлис чақириш ҳақида 1 кун қолганда эсга тушди”, – бу ҳам ёлғон маълумот ва ЎзПФЛ мухлислар билан ишлаш бошқармаси ходимлари финалга 4 кун қолганда Фарғонага етиб боришган ва чипталарни мухлисларга тарқатган. ЎзПФЛ ушбу сўзларни ёлғон ва сайт ушбу маълумот билан ходимлар меҳнатини қадрсизлантирган деб баҳолайди.

“Жаҳон Кубогининг ва Ла Лига кубогининг нусхалари Тошкентга келганидек”, – бу ҳам нотўғри ҳамда асоссиз маълумот. Ҳар иккала кубок ҳам асл нусха ва буни ҳар иккала ташкилот ҳам бемалол тасдиқлайди.

Бундай мисоллар кўп ва ташкилот уларнинг ҳар бирига жавоб бермайди. Зеро, ушбу сайт чоп этаётган кўплаб мақолаларда фактсиз ҳамда асоссиз маълумотлар етарли, ташкилот эса уларни ЎзПФЛ имижига таъсир кўрсатишга қаратилган ҳаракат деб баҳолайди.

Таъкидлаш жоиз, ЎзПФЛ томонидан ОАВ вакилларини аккредитациялаш жараёни шаффоф ва очиқ тарзда ташкил этилади. Аккредитацияга заявка берган ҳар бир ОАВ дастлаб, ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган тадбирлар учун ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби билан танишиб чиқишади. Ушбу тартиб эса, Ўзбекистон Республикасининг ОАВ тўғрисидаги амалдаги қонунлари асосида, тегишли тартиб-қоидалар киритган ҳолда ишлаб чиққан.

Шу асосда, ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартибидаги 12-модда, 4-бандидаги ҳолатлар бузилгани асосида, ЎзПФЛ Championat.asia сайти ходимлари аккредитацияларини бекор қилишга қарор қилди.

Шунингдек, Championat.asia сайти ходимларининг аккредитациялари олиб қўйилганлиги уларнинг фаолиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги, улар бемалол футбол учрашувларини батафсил ёритишлари мумкинлигини маълум қиламиз. Аккредитацияларнинг бекор қилиниши, сайт ходимларининг ОАВ учун ажратилган худудларда фаолият юритишини чеклайди холос. Сайт вакиллари учун ахборот олиш ҳуқуқини ҳеч ким чеклаб қўйгани йўқ. Бунга ташкилотнинг ҳаққи йўқ, бунга Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ҳеч бир ташкилот, ҳеч бир органнинг қонуний ҳам маънавий ҳаққи йўқ. Шундай экан, аввало чеклов билан тақиқнинг фарқини англаш даркордир. Championat.asia сайти ходимларининг аккредитациялари маълум вақт ўтиб, уларнинг фаолияти, ОАВдаги чиқишлари асосида қайтариб берилади.

Яна таъкидлаймиз, асосли танқидларга ташкилот қаршилик билдирмайди. Асоссиз, фактсиз келтирилган ахбортлар учун эса, ҳар қандай ташкилот сингари ҳуқуқ ва имкониятларини ишга солиб курашади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply