Ўзбекистон кубоги-2018. Финал баҳси рақамларда

28 октябрь куни Фарғона шаҳридаги муҳташам – “Истиқлол” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон кубоги-2018 финал учрашуви бўлиб ўтди.

11152 томошабин гувоҳлигида кечган беллашувда АГМК ҳамда “Пахтакор” жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди. Жуда қизиқарли кечган ўйинда Олмалиқ шаҳри клуби 3:1 ҳисобида зафар қучди ва ўз тарихида биринчи марта Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.

Шу тариқа АГМК Ўзбекистон кубогига эга чиққан 8-жамоага айланди.

Пахтакор – (1993, 1997, 2001-2007, 2009, 2011)

Бунёдкор – (2008, 2010, 2012, 2013)

Локомотив – (2014, 2016, 2017)

Навбаҳор – (1992, 1995, 1998)

Нефтчи – (1994, 1996)

Дўстлик – (2000).

Насаф – (2015).

АГМК – (2018).

Финалда мағлубиятга учраган “Пахтакор” жамоаси эса мамлакат кубоги финалларида ўйнаш бўйича ўз рекордини янгилади. “Шерлар” жамоаси 14-марта финалда қатнашди ва 3-марта финал ўйинини бой берди.

Қолаверса, қайд этиш жоизки, Ўзбекистон кубоги финали тарихда биринчи марта Фарғона водийсида ташкил этилди. Бунга қадар эса Ўзбекистон кубоги финаллари Самарқанд (2 марта), Тошкент, Олмалиқ ҳамда Жиззах шаҳарларида бўлиб ўтган эди. Фарғона шаҳри финалга мезбонлик қилган бешинчи шаҳарга айланди.

Қолаверса, финаллар тарихида 4-марта 3:1 ҳисоби қайд этилди. Илгари 2002/2003, 2008, 2011 йилларда ҳам мамлакат кубоги ҳал қилувчи ўйинлари 3:1 ҳисобида якунланган эди.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, АГМК Ўзбекистон кубогини қўлга киритган Тошкент вилоятининг иккинчи жамоасига айланди. Бунга қадар 1999/2000 мавсумда “Дўстлик” клуби финалда ғолиб чиққан эди.

Таъкидлаш жоизки, АГМК жамоаси устози Бахтиёр Ашурматов ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида Ўзбекистон кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу борада у Миржалол Қосимовга тенглашиб олди.

Яна бир қизиқарли факт шундан иборатки, АГМК мусобақа жадвалида 6-ўриндан пастда жойлашиб, мамлакат кубогида ғолиб чиққан дастлабки жамоа бўлди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply