Биласиз, АГМК жамоаси 28 октябрь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказилган Ўзбекистон кубоги-2018 финал баҳсида “Пахтакор”ни мағлуб этиб, ўз тарихида илк марта мамлакат кубогини боши узра кўтарди.
АГМК жамоаси етакчиларидан бири Камолиддин Мурзоев финал ўйиндан таассуротлари билан ўртоқлашди:
– АГМКнинг финал баҳсида ғалаба қозонгани – клуб учун тарихий воқеа бўлди. Ушбу ютуқ билан барча олмалиқлик футбол ишқибозларини табриклайман. Финал ўйини кўпчилигимиз учун фаолиятимиздаги энг муҳим беллашувлардан бири бўлди. Ўйин Фарғонада – нейтрал майдонда жуда яхши савияда ташкиллаштирилди. Ўйиндан бир кун аввал Фарғонага етиб борган пайтимиздаги кутиб олиш маросимиданоқ финал шукуҳи сезилди. Ўйин куни ҳам барчаси ажойиб тарзда ташкиллаштирилди.
Балким кўпчилик қуйи ўринларда бораётганимиз сабаб бизнинг ғалаба қозонишимизни кутмагандир. Лекин биз якдил жамоа сифатида ўз ўйинимизни кўрсата олдик ва тарихий ғалабани қўлга киритдик. Финал куни бизни қўллаб-қувватлаб турган барча ишқибозлардан ҳам миннатдормиз.
Бир нарсани таъкидлашим жоизки, ушбу муваффақият секин-аста АГМКда яхши жамоа шакллантирилаётганидан далолат беради. Сўнгги 2 йилда шу мақсадда анча меҳнат қилинди. Энди Осиё Чемпионлар лигасида ҳам агар финалдаги каби шижоат кўрсата олсак, мухлисларимизни ғалабалар билан яна хурсанд этишимизга ишонаман, – деди футболчи.