Ўзбекистон Жанубий Кореяни йирик ҳисобда доғда қолдирди ва финалга йўл олди.Хитойда давом этаётган Осиё чемпионатиинг иккинчи ярим финалида Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари куч синашдилар.
Учрашув асосий вақти 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якун топди ва қўшимча бўлимлардаги голлар эвазига ҳамюртларимиз рақибни таслим қилишди.
Учрашувни Ўзбекистонлик футболчилар фаол бошладилар, 33-дақиқада Жавоҳир Сидиқов аниқ пас билан Забиҳулло Ўринбоевни рақиб дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқарди. Жамоамиз сардори эса зарба беришда адашмади.
59-дақиқада рақибларимиз стандарт вазиятдан унумли фойдаланишди, Ҳванг Ҳюн Су жарима зарбасидан узатиб берилган тўпни боши билан дарвозамизга йўллади ва мувозанатни тиклашга эришди.
74-дақиқада Жанг Юн Ҳо дарвозабонимизга нисбатан жуда қўпол ўйнади ва ҳакам томонидан иккинчи сариқ карточкага лойиқ кўрилиб, майдонни тарк этди. Шундан сўнг ташаббус буткул футболчиларимиз томонига ўтди, бироқ асосий вақтда гол уриш насиб этмади.
Қўшимча бўлимларда ҳам рақиблар ҳимояга “ётиб” олишди. 100-дақиқада Азизжон Ғиниев узоқ масофадан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди ва ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. 110-дақиқада эса бутун ўйин давомида тиниб-тинчимаган Жасурбек Яхшибоев ниҳоят ўз мақсадига эришди.
Қўшимча бўлимларнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларида Акромжон Комилов ўйинга нуқта қўйган гол муаллифига айланди.
Вьетнам – Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги U-23 ОЧ финали 27 январь куни Тошкент вақти билан соат 13:00да Чанжоу шаҳридаги Changzhou Olympic Sports Centre стадионида бўлиб ўтади.
Осиё чемпионати U-23
Ярим финал
Ўзбекистон – Жанубий Корея 4:1 (1:0, 0:1, 1:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 33 Ўринбоев, 1:1 – 59 Ҳюн Су, 2:1 – 100 Ғаниев, 3:1 – 110 Яхшибоев, 4:1 – 120+1 Комилов.
Ўзбекистон: Ботирали Эргашев, Рустамжон Ашурматов, Достонбек Турсунов, Аббосжон Отахонов (Дониёржон Нарзуллаев 96), Акром Комилов, Азизжон Ғаниев (Ойбек Рустамов 109), Одилбек Хамробеков, Жасурбек Яхшибоев, Достонбек Ҳамдамов, Жавоҳир Сидиқов (Бобир Абдухолиқов 113), Забихилло Ўринбоев.
Жанубий Корея: Канг Ҳин Му, Парк Чаэ Ву, Ли Гун, Ҳванг Ҳюн Су, Ҳан Сунг Гю, Ли Кун Ҳо, Юн Сенг Вун, Чо Юнг Вук, Чои Жаэ Ҳун (Чо Ю Мин 78), Жанг Юн Ҳо, Ли Санг Мин.
Огоҳлантиришлар: Ҳамдамов (45), Юн Ҳо (50), Отахонов (58), Юн Ҳо (74), Кун Ҳо (74), Рустамов (115), Мон Ҳван (116).
Четлатиш: Юн Ҳо (74).
Манба: www.uff.uz