Мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида Суперлига учрашувлари кузда бироз эртароқ ўтказилади

2018 йил – ўзбек футболи учун улкан ислоҳотлар йили сифатида футболимиз тарихидан ўрин олмоқда. 

Зеро жорий йилги мавсум бошидан миллий чемпионатимиз савиясини ошириш, клубларнинг инфратузилмасини яхшилаш, чемпионат ўтказилиш тартибини ўзгартириш орқали унинг қизиқарли ва томошабоп кўриниш олишини таъминлаш ҳамда мухлисларнинг стадионга ташрифини кўпайтириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширила бошланди. Ўйинларнинг ўтказилиши борасидаги ташкилий масалалар, чемпионат учрашувларининг ТВ орқали кенг ҳажмда намойиш этилиши борасида олдинга улкан қадамлар ташланди.

Айниқса, олдинги йиллардан фарқли равишда ишқибозларнинг Суперлига учрашувларини бевосита стадионнинг ўзидан томоша қилишга бўлган қизиқишини орттириш мақсадида стадионларимизда турли ўйинолди тадбирлар, концерт дастурлари, турли лотореялар ўтказилиши йўлга қўйилди. Стадионларда оилавий секторлар ташкил этилди. Рамазон ойида бепул ифторликлар уюштирилди. Бундан ташқари учрашувларнинг мухлислар учун қулай вақтда бўлиб ўтишини таъминлаш мақсадида – ўйинлар соат 18:00дан сўнг ўтказила бошланди.

Буларнинг барчаси – Профессионал Футбол Лигаси ўз олдига қўйган энг улкан мақсадлардан бири – халқимизнинг миллий футболимизга, ички чемпионатимизга бўлган қизиқишини орттириш мақсадида амалга ошириб келинмоқда.

Эндиликда ПФЛ юртимизга куз фасли кириб келиб, ҳавонинг совий бошлагани ва ўйинларнинг одатдагидек кеч соат 19:00 ёки 20:00да старт олиши мухлислар учун ноқулайлик келтириб чиқаришини инобатга олган ҳолда Суперлиганинг ҳамда кубок баҳслари ўйинларини бироз эртароқ вақтда ўтказишга қарор қилди. Ўйинларнинг эртароқ старт олиши ишқибозларнинг салқин ҳавода кеч тушмасдан ўз севимли жамоалари ўйинини бевосита стадиондан кузатишларига имкон яратиб бериш мақсадида амалга оширилмоқда.

Азиз футболимиз жамоатчилиги вакиллари, сўнгги вақтларда миллий футболимиз савиясини ва довруғини кўтариш мақсадида ЎФА ҳамда ПФЛ томонидан кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳозир қилинаётган ислоҳотлар яқин йилларда албатта ўз “мева”сини беради. Агар ОАВ, мутахассис-у мухлислар – барча бир мақсад йўлида бирлаша олсак ва бир-бирмизни қўллаб-қувватласак, албатта яқин вақт ичида кўзланган мақсадларга эриша оламиз.

Илгари маълум қилганимиздек, мухлислар томонидан бериладиган таклифлар ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Улар ўзларининг фикр-мулоҳазалари ёзилган мактубларни бемалол info@pfl.uz почта манзилига жўнатишлари мумкин. Миллий чемпионатимиз савиясини ошириш йўлида Профессионал Футбол Лигаси ишқибозларимиз талаб ва истакларини ҳам албатта инобатга олади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply