Ҳурматли Бўриев Искандар Астанович!
Авваламбор, “Шўртан” профессионал футбол клуби раҳбарлари, мураббийлари, футболчилари ва барча ходимлари Сизни юксак илмий даража – Қишлоқ хўжалиги фанлари академиги унвонига сазовор бўлганлигингиз билан чин юракдан муборакбод этадилар!
Халқимизда илм ўрганмоқ игна билан қудуқ қазишга қиёсланади. Кези келса, ҳаёт моҳияти ва сир-асрорларига нарвон баробар китобларни ўқиб ҳам етиш мушкул. Бироқ орамизда шундай олижаноб, тиришқоқ ва тиниб-тинчимас ажойиб инсонлар борки, бундайлар кўзланган мақсадларига етишмагунча асло тўхтамайдилар.
Қадрли Искандар Астанович! Биз Сизни айнан шундай беғубор, илмпарвар шахс сифатида биламиз. Сиз барчамиз учун ҳаётда ёрқин намуна сифатида гавдаланасиз.
Узоқ йиллардан буён “Шўртан” профессионал футбол клуби билан ҳамнафас бўлиб, ўзбек футболи ривожига ҳам ўз салмоқли улушингизни қўшиб келмоқдасиз.
Ўзбекистон Республикаси илмий салоҳиятига ҳам шу кунга қадар қўшиб келаётган ҳиссангиз ва меҳнатларингиз беқиёсдир. Мана, куни-кеча Сиз Қишлоқ хўжалиги фанлари академиги илмий унвонига сазовор бўлдингиз. Бундай нуфузли илмий унвонга эришиш учун қандай машаққатли йўлни босиб ўтиш лозимлигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Бу учун Сизнинг олдингизда, кўплаб шогирдларингиз қаторида, таъзим айлаймиз!
Азиз Искандар Астанович! Бундай қувончли кунда Сизни “Шўртан” профессионал футбол клуби раҳбарлари, мураббийлари, футболчилари ва барча ходимлари номидан табриклаймиз-қутлаймиз! Фурсатдан фойдаланиб, Сизга узоқ умр, тан-сиҳатлик, мамлакатимиз равнақи йўлида олиб бораётган тинимсиз меҳнатларингизга барака, оилангизга кўтаринкилик тилаб қоламиз!
“Шўртан” ПФК матбуот бўлими