Профессионал футбол лигаси жорий йилги мавсум аввалида стадионларга мухлисларни жалб этиш, ишқибозларга имкон қадар кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор янгиликларга қўл урди.
Жумладан, барча стадионларда клуб атрибутлари, спорт кийимлари, ичимликлар ва егуликлар сотуви йўлга қўйилди. Рамазон кунларида фарз амалларини бажариш учун мухлисларга шароитлар яратилди. Жаҳон чемпионати вақтида ички чемпионатда танаффус эълон қилинди. Учрашувлар иш вақтида эмас, балки бироз кечроқ старт олмоқда. Футбол учрашувлари олдидан турли концерт дастурлари, кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши тадбиқ этилди.
Бироқ мавсум аввалида бу борада барча клублар фаоллик кўрсатган бўлса, ҳозирда баъзи клублар мухлислар билан ишлаш, ишқибозларни стадионга кўпроқ жалб этиш борасида талаб даражасида фаолият олиб боришмаяпти.
Шу сабабдан бугун Профессионал футбол лигасида Суперлига клублари маркетинг ҳамда мухлислар билан ишлаш бўлими ҳодимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда стадионларга мухлислар ташрифини ошириш, бунинг учун маркетинг бўлими фаолиятини яхшилаш, фан-клублар фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарли тарзда йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Мавсумнинг дастлабки қисмида амалга оширилган ишлардан хулосалар қилинаркан, аксарият клубларнинг мухлислар билан ишлашда тўлиқ самарадорликка эриша олмаётгани қайд этилди. Клублар вакиллари ҳам ўзларини қийнаётган жиҳатлар, олдинда қандай режалар борлиги ҳақида таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, мухлислар билан ишлаш бўлими фаолиятини яхшилаш хусусида ҳам сўз борди. Зеро стадионда атмосферани белгилаб беришда фан-клубларининг ҳам ўрни катта. Фан-клублар фаоллигини ошириш, фан-клубга кўпроқ аъзолар жалб этиш бўйича топшириқлар берилди. Яна ҳар бир жамоанинг фан-клуби ўз мадҳиясини яратиш устида иш бошлаши лозимлиги таъкидланди.
Қолаверса, клублар мухлислар билан ишлаш бўлимларининг жамоа ишқибозлари билан кўпроқ учрашувлар ташкил этиб туриши зарурлиги белгилаб берилди. Зеро айрим учрашувларда мухлисларнинг майдон томон турли буюмларни улоқтираётган ҳолатлари ҳам афсуски учраб турибди. Бундай хунук ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилмаслиги учун мухлислар билан ишлаш бўлими тез-тез жамоа ишқибозлари билан турли учрашув ва суҳбатлар уюштириб туриши лозим бўлади.
Йиғилиш давомида ушбу мавзуларда барча клублар вакилларининг таклиф ва истаклари тингланди. Бундан буён барча – ПФЛ, клуб, клуб маркетинг ва мухлислар билан ишлаш бўлимлари ўзаро ҳамжиҳатлик асосида фаолият юритишга келишиб олинди. Зеро барчамизнинг мақсадимиз бир – юртимизда футбол ривожига хисса қўшиш, стадионларга мухлислар ташрифини ошириш ҳамда Ўзбекистонда мақтанишга арзигулик мухлислик маданиятини йўлга қўйишдан иборатдир.