Аввал хабар берганимиздек, Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасининг қумли майдонида деярли бир ҳафта давом этган соҳил футболи бўйича мамлакат чемпионати ниҳоясига етди.
2007 ва 2012 йиллар оралиғида ўтказилган, аммо маълум сабабларга кўра ўз фаолиятини давом эттира олмаган соҳил футболи бўйича Республика чемпионати бу йил, Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги ислоҳотлар натижасида яна қайта тикланди. Ёдингизда бўлса, бир ойдан зиёдроқ муддат аввал айнан шу майдонда (Республикамизда соҳил футболи бўйича шароитга эга бўлган майдон бошқа жойда йўқ-да) юқори савияда ташкил этилган ва унда Бухоронинг “Когон” шамоаси бош совринни қўлга киритган эди.
Бу галги турнирда Кубокка нисбатан янада кўпроқ жамоалар иштирок этди. Ўн тўрт жамоа қатнашган мусобақада Қаршининг “Адолат” жамоаси олтин медаль соҳиби бўлди.
Мамлакатимиз соҳил футболининг уч карра чемпиони, икки бор Кубок соҳиби “Когон” бу гал Қарши шаҳрига иккинчи таркиби билан келгани учун чорак финалдаёқ тўхташга мажбур бўлди. Ўшанда ҳам рақибларга осонгина таслим бўлмади, бўлажак чемпионга қарши кечган баҳсда атиги битта гол натижаси билан “Адолат” жамоаси ютиб чиқди.
Мусобақанинг учинчи ўрин учун кечган ўйинида Наимжон Усмонов устозлик қилаётган Жиззахнинг “Олимпия” жамоаси пенальтилар эвазига ғалаба қозонди ва бронза медаи билан тақдирланди. Жиззахликлар вилоят прокуратураси ходимларидан тузилган “Ҳуқуқ” жамоасига қарши кечган учрашувда матонат намойиш этишди ва рақибларини мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди.
Ниҳоят, финал. Вилоятнинг миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан тузилган жамоага қарши “Самарқанд” жамоаси мардонавор “жанг” олиб борди. “Самарқанд” футбол ва соҳил футболи бўйича вилоят терма жамоаси ҳисобланади. Мазкур жамоа “Когон” каби соҳил футболининг аввалги мавсумларида ҳам иштирок этган, бироқ ҳеч қачон совринни қўлга киритмаганди. Мана бу йил эса сал қолса олтинига сазовор бўларди.
Бош соврин соҳиби “Адолат”нинг чемпион бўлиши бежиз эмас. Жамоа аъзоларининг аксарияти бугун орган ходими ҳисобланиш сада, яқин ўтмишда чинакам футболчи бўлганлар. Айтайлик, Тоҳир Абдураззоқов футзал бўйича Суперлига вакили “Насаф”нинг аъзоси, Аббос Қурбонов, Арслон Шаронов вилоят биринчилиги вакили “Нуристон” жамоаси шарафини ҳимоя қилган, Фарҳод Жумаев эса соҳил футболи бўйича мамлакат терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида майдонга тушган. Жамоа посбони Ғанишер Холмуродовни эса танимаган футбол мухлисининг ўзи бўлмаса керак. 2011 йили ўсмирлар терма жамоамизнинг Мексикада ўтган Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб бориб, дунё футбол оммасининг эътиборига тушган даврни ҳали ҳеч ким унутганича йўқ. Терма жамоамиз дарвозасини қўриқлаган Ғанишер Холмуродовнинг маҳорати ва шижоатига ҳамма тан берганди ўшанда. Лекин маълум вақт ўтгач, Ғанишер футбол оламида кўринмай қолди. Ваҳоланки, унинг футболдаги келажагига кўпчилик умид қилганди, миллий термамизга ворис етишиб чиқаётганлигидан мамнун эди.
Мексикада ўз гуруҳида АҚШ (2:1), Чехия (2:1) термаларини енгиб, фақат Янги Зеландияга (1:4) имкониятни бой берсаларда, гуруҳ ғолиби сифатида нимчорак финалга чиқишганлиги, бу босқичда Австралия термасини ҳа доғда қолдира олганлиги. чорак финалда эса ёш футболчиларимизга уругвайликлар рақиблик қилишгани ва ўйинда омад Уругвай термасига насиб этганлигини ҳеч ким ҳали унутганича йўқ. Ўз ватанларига қайтган ўсмирларимиз иззат-икром билан кутиб олинган, ҳар бирлари автомобил совғалари билан тақдирланган эди. Кейинчалик, “Машъал” футболи тарбияланувчиси Жаҳон чемпионатидан кейин ҳам фаолиятини шу жамоада давом эттирди. 2013 йилнинг иккинчи даврасидан “Металлург” клубига ижарага берилди, 2015 йилги мавсумни эса мамлакат биринчилиги иштирокчиси “Аланга” жамоасида ўтказгач, ҳарбий хизматга кетди. Қайтди, фақат футболга эмас, бошқа соҳага… Хуллас, таркибнинг ярмидан кўпини собиқ футболчилар ташкил этиб турибди.
Чемпионатнинг финали қизиқарли кечди ва унда мезбонлар – “Адолат” жамоаси бош совринга эгалик қилди. “Самарқанд” ва “Олимпия” (Жиззах) жамоалари эса иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
Учрашувлар натижалари:
3-ўрин учун баҳс:
“Олимпия” (Жиззах) –“Ҳуқуқ” (Тошкент) – 3:3. Пен.бўй. 1:0.
Финал:
“Адолат” – “”Самарқанд” – 4:1.
Манба:pfl.uz