Биласиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мавсум бошидан буён ҳар ойнинг энг яхшиларини аниқлаб келмоқда.
Мазкур сўровномада Pepsi Суперлиганинг 12 та клуби бош мураббийлари ва сардорлари иштирок этди. Мухлислар овози эса ПФЛ расмий сайтида ўтказилган сўровнома орқали қабул қилинди.
Ортда қолган август ойида 3 та тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўтказилган 20-21-22-турлар давомида бир қатор жамоалар мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этишди.
Ойнинг энг яхшиларини аниқлаш учун ўтказилган сўровномада “Нефтчи” жамоаси бош мураббийи Баҳром Хайдаров ғолибликни қўлга киритди. Мавсумни у қадар муваффақиятли бошлай олмаган Баҳром Хайдаров устозлигидаги фарғоналиклар август ойини жуда кўтаринки руҳда ўтказишди ва якунда 2 ғалаба ва 1 дуранг қайд этишди. Жамоа августда умуман мағлуб бўлмади. Натижада сўровномада энг кўп овоз олган мураббий якунда 43 очко жамғарди.
Иккинчи поғонадан 3 учрашувда 2 ғалаба ва 1 мағлубият қайд этган АГМК устози Бахтиёр Ашурматов ўрин олди. Учинчи ўрин эса “Локомотив” бош мураббийи вазифасини бажарувчи Андрей Фёдоровга насиб этди.
Манба:pfl.uz