Ҳаётда шундай инсонлар борки, бутун умрини, меҳнат фаолиятини ўз севган касбига, шу орқали жамият гуллаб яшнашига, ёш авлоднинг ўсиб вояга етиши, бекаму-кўст камол топишига баҳшида этишади. Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз ана шундай инсонлар тоифасидан.
Қашқадарё вилояти Ғузор тумани футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, Олий тоифали футбол мураббийи Тарил Темирович Жўраев куни кеча ўзининг қутлуғ 60 ёшлик юбилейни нишонлади. Ҳамма қаторида болаликдан футбол деб аталмиш сеҳрли спорт турининг шайдосига айланган Тарил ака, кейинчалик бутун умрини миллионлар ўйини билан боғланди. Яна ҳам аниқроқ айтганда ҳаётини ўзи севган касбга баҳшида этди.
Йиллар ўтиши билан Тарил Жўраев аввалига ҳаёт сабоқларини ўрганди, ўқиди, билим ва тажрибаларини мустаҳкамлаб борди. Вақти соати келиб эса ўзи устозлик мақомига сазовор бўлди. Ватанимиз учун жон куйдириб, ҳормай-толмай меҳнат қиладиган кўплаб шогирдларни тарбиялаб вояга етказди. Қанчадан-қанча йигит-қизларга катта ҳаёт йўлланмасини берди. Эл-юрт орасида ҳурмат ва эътиборга эришди. Спорт фидойиси, меҳрибон устоз ва бағри кенг инсон деган улуғ ва азиз номга мушарраф бўлди.
Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, Ғузор туманида ёшларни XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган, ҳар томонлама камол топган шахслар этиб вояга етказиш, спортнинг энг оммавий тури бўлган футболни ривожлантириш борасида Тарил Темировичнинг қилган ва олиб бораётган ишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.
Бундан ташқари Т.Жўраевнинг ташаббуси билан Ғузор туманида илк бора қизлар футбол жамоаси ташкил этилди. Жамоага яхши ниятлар билан “Оқ олтин” деб ном берилди.
Бугунги кунда “Оқ олтин” қизлар жамоасида Тарил ака қўл остида футбол сир-асрорларини ўрганган бир қатор маҳоратли қизлар Ўзбекистон чемпионати СУПЕРЛИГА ва Биринчи лига жамоалари таркибида, энг иқтидорлилари эса мамлакатимизнинг турли ёшдаги терма жамоалари таркибида фаолият кўрсатишмоқда.
“Оқ олтин” қизлар жамоаси ўтган йиллар давомида Қашқадарё вилояти чемпиони, “Камолот” Кубоги соҳиби ва бир нечта мусобақаларда ғалаба қозониб, 2014 йил мамлакат аёллар футболининг 1 лига мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тарил Темировичнинг шу кунларда ҳам туман миқёсида турли даражадаги спорт мусобақалари, турнирлар ташкил этиш борасида олиб бораётган сайъи-ҳаракатлари, тиниб-тинчимаслиги Ғузор тумани ёшларига, спортчи ва мураббийларига ҳар томонлама ўрнак бўлмоқда.
Юбилей муносабати билан Ғузордаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тадбир ташкиллаштирилди. Унда туман ҳокими Саъдулла Абдуллаевич Бабақулов, туман ҳокими муовини, хотин-қизлар Кенгаши раиси Нафиса Шукурова, туман оила Маркази бошлиғи Қундуз Жумаева, туман ҳокимлигининг мутахассислар билан ишлаш бўлим бошлиғи Баҳодир Неъматов, Ғузор туман БЎСМ директори Баҳодир Аҳмедов, унинг муовини Қаҳрамон Баратов, “Машъал” (Муборак) футбол клуби академияси директори Абдураҳмон Юмангулов, мазкур академиянинг тажрибали мураббийларидан бири Зоир Тўрақулов, “Шўртан” ПФК техник директори Баҳодир Шаймардонов, клуб қошида фаолият кўрсатаётган “Ҳисор” (Шаҳрисабз) футбол мактаби мураббийи Ихтиёр Каримов, Ғузор футболининг фахрийларидан Ўрол Астанов, ака-ука Ғани ва Рамазон Отамуродов ҳамда яна кўплаб меҳмонлар иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган туман ҳокими, Ғузор тумани футбол ассоциацияси президенти С.А.Бабақулов юқорида келтирилган яхши фикрлардан иборат тўй хатини йиғилганларга ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг, юбилей тадбири байрамга уланиб кетди. Барча сўзга чиққанлар дўстлар, шогирдлар ҳамда Тарил Жўраевнинг яқинлари унга энг яхши ва эзгу тилаклар тилашди. Эсдалик совғалари улашди.
«Шўртан» ПФК матбуот бўлими