Мусобақалар регламентини қўпол равишда бузганлиги учун “Ғиждувон” ФК жаримага тортилди

Ўзбекистон чемпионати Про-Лигасининг 21-туридаги “Ғиждувон” – “Ифтихор”, 20-туридаги “Лабса” – “Ғиждувон” ва 19-туридаги “Ғиждувон” – “Локомотив-БФК” урашувларида Мусобақалар регламентининг “Иштирокчилар ва мусобақалар ўтказиш тартиби” бўлимида кўрсатилган 4.20 банд қўпол равишда бузиб келингани аниқланди. Унга кўра, Бухоро вилоятининг “Ғиждувон” жамоаси вакиллари учрашув расмий қайдномасига киритилмаган шахс – Т.Аслановнинг стадион техник худудидан жой олишига онгли равишда йўл қўйиб келган. Кузатув ва суриштирувлар шуни кўрсатдики, Т.Асланов техник худуддан жой олибгина қолмай, ўйинлар давомида футболчиларга кўрсатмалар ҳам бериб келган, қўшимчасига, жамоа натижасига бевосита таъсир ўтказишга ҳаракат қилган.

Шу муносабат билан, Мусобақалар регламентининг интизомий ва жарималар кодекси 2-қисм 5.37 бандини бир неча бор бузганлиги учун “Ғиждувон” футбол клуби 20.000.000 (йигирма миллион) сўм миқдорида жаримага тортилди.

Учрашув расмий қайдномасини тўлдириш ҳамда уни назорат қилишда эътиборсизликка йўл қўйиб, техник худудда қайдномада кўрсатилмаган шахсни жойлашиб олишига имконият яратиб бергани учун “Ғиждувон” иштирокидаги 19, 20 ва 21-тур учрашувларида захира ҳаками, учрашув назоратчиси ва комиссари сифатида фаолият юритган ходимлар жиддий огоҳлантирилди.

Мусобақалар ўтказиш тартибини била туриб, уни бузиб келгани учун Т.Аслановнинг Суперлига ва Про-Лига клубларида 2018 йилги мавсум охирига қадар фаолият олиб бориши ман этилади. Вазият яхшиланмаса, Аслановни футболга алоқадор ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш масаласини сўраб ЎзПФЛ ЎФА Ижроия қўмитасига мурожаат қилади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply