Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 15 июлга қадар давом этган ёзги трансфер ойнасида 97 футболчини янги жамоалар учун рўйхатдан ўтказди.
Эндиликда ўз клуби билан хайрлашаётган ҳар бир футболчи ёки мураббий билан ПФЛ алоҳида боғланмоқда. Яъни, жамоадан кетаётганлар билан аввал тўлиқ ҳисоб-китоб қилинсинки, шундан кейингина уларнинг ўрни янгилар билан тўлдирилсин.
ПФЛнинг “Спорт бўлими” мутахассислари ёзги трансферлар пайтида клубини ўзгартирган футболчиларнинг собиқ жамоаси билан ҳисоб-китоби тўлиқ якунланган ёки йўқлиги борасида суриштирув ўтказди. Клублар ва футболчилар билан бирма-бир алоқага чиқиб, улар томонидан ПФЛга тақдим этилган ҳужжатлар “элакдан” ўтказилганида маълум бўлдики, жамоасини алмаштирган 97 футболчидан фақатгина 4 нафари билан ҳозирча тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган.
Ёзги танаффус пайтида россиялик Игорь Голбан ва тожикистонлик Жаҳонгир Алиев “Насаф” билан хайрлашган. Бироқ футболчиларнинг клубда пуллари қолиб кетган. “Насаф” ва футболчилар имзо чеккан келишув битимида мавжуд қаздорлик 31 июлга қадар тўлиқ бартараф этилиши борасида келишувга эришилган. ПФЛ вазиятни назорат қилиб боради.
Шунингдек, “Қўқон-1912” жамоасини тарк этган Баҳодир Пардаев ва Игорь Таран каби футболчилар билан ҳам тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Лекин “Қўқон-1912” клуби Пардаев ва Таран билан ҳам келишиб, 1 октябрь кунигача қарзларни ёпишга кафолат берган.
Бунгача қаздорликлари бартараф этмаган клубларга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун рухсат берилаверган. Оқибатда муаммо устига муаммолар йиғилиб, якунда баъзи жамоалар инқироз ёқасигача келиб қолган. Ишлар ПФЛдан ташқари суд ва бошқа органларга, ҳатто, ОФК ва ФИФА даражасигача етиб борган. Энди бундай муаммолар ўз вақтида ҳал қилиниши шарт. 2019 йилги мавсумга ҳеч бир клуб қарздорлик билан ўтмаслиги ПФЛ учун муҳим. Биз фақатгина шунда олдинга қадам босишимиз мумкин. 2018 йилда эса ташкилотимиз ҳам, клублар ҳам асосан эски муаммоларни ҳал қилиш учун кўп вақт сарфлаяпти.
Mанба:pfl.uz