Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси томонидан Суперлига ҳамда Про-Лига 2018 мавсумида иштирок этувчи футбол клублари фаолиятини янада ривожлантириш учун регламент асосида аниқ талаблар ишлаб чиқилган эди.
Бироқ ўтган давр мобайнида ўтказилган текширувлар натижасида айрим клублар иш фаолияти ҳамда стадионларида баъзи бир камчиликлар аниқланди ҳамда Суперлигада ва Про-Лигада юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича клубларга тавсия ҳамда топшириқлар берилди.
Бугундан эътиборан дастлаб Суперлига, кейин эса Про-Лига иштирокчи клубларида ПФЛнинг махсус ишчи гуруҳи амалга оширилган ишларни кўздан кечиришни бошлади. Дастлаб ишчи гуруҳ “Металлург” ҳамда “Сўғдиёна” жамоаларида камчиликларни баратараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишди.
“Металлург” клуби 1 июлга қадар стадионнинг ички ва ташқи кўринишини тубдан яхшилаш, стадион ёритиш тизимини 1500 люксгача кучайтириш, 2018 йил охирига қадар телетрансляциялар футболчилар чиқиб келадиган ва мураббийлар жой оладиган фронтга қарама-қарши томондан амалга оширилиши бўйича МТРК мутахассислари билан маслаҳатлашиш, ОАВ ҳодимлари учун стадионда шароитни яхшилаш, футболчиларни захирага олиш ва чиқариш учун электрон табло олиш, футзал ва аёллар жамоалари учун шароитларни яхшилаш ҳамда футбол клуби академиясининг қурилиши бўйича иш режасини тақдим этиш бўйича топшириқлар олган эди.
ПФЛнинг махсус ишчи гуруҳи “Металлург” клубида олиб борилган ишлар билан танишди. “Металлург” клуби стадион ички ва ташқи кўринишини яхшилаш, ташриф буюрувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида CIP ўриндиқлар жойлашган алоҳида секторни барпо этди. Қолаверса, стадион таблоси жойлашган секторда ҳам мухлислар учун ўриндиқлар ўрнатилди. Стадион ташқарисида клуб дўкони фаолият кўрсата бошлади. Ўйинни бевосита стадиондан ёритиш мақсадида ташриф буюрадиган ОАВ ҳодимлари учун ажратилган махсус медиа-трибунада шароит ва интернет яхшиланди. Шунингдек, стадион ёритиш тизими янгиланмоқда. Клуб PHILIPS компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ёритиш мосламаларини ҳарид қилди. Айни пайтда ёритиш мосламалари ва чироқлари стадионга ўрнатилмоқда. Қолаверса, клуб академияси барпо этилиши бўйича лойиҳа тайёрланаётгани маълум қилинди.
Куннинг иккинчи қисмида ПФЛ ишчи гуруҳи Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби стадионига ташриф буюрди. Мазкур жамоа стадион ёритиш тизимини яхшилаш, электрон табло ҳарид қилиш, 2018 йил охирига қадар телетрансляциялар футболчилар чиқиб келадиган ва мураббийлар жой оладиган фронтга қарама-қарши томондан амалга оширилиши бўйича МТРК мутахассислари билан маслаҳатлашиш, футбол клуби академияси бапро этилиши бўйича лойиҳа ва амалга оширилаётган амалий ишлар сарҳисобини топшириш бўйича кўрсатамалар олган эди.
Белгиланган муддат ичида “Сўғдиёна” жамоаси стадион ёритиш тизимини Суперлига регламенти талабларига мувофиқлаштирди. Қолаверса, электрон табло ҳарид қилинди. Шунингдек, клубнинг ўз академияси фаолиятини йўлга қўйиш борасида аниқ лойиҳа ишлаб чиқилгани маълум бўлди.
P.S.: ПФЛнинг махсус ишчи гуруҳи камчиликлар аниқланган барча Суперлига ҳамда Про-Лига клубларини тўлиқ текширувдан ўтказади ва текширув натижалари ПФЛ расмий сайтида эълон қилиб борилади.
Манба:pfl.uz