АГМК жамоаси PEPSI Суперлигасида юзага келган қисқа танаффусдан унумли фойдаланиб, Белоруссия пойтахти Минск шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ўтказмоқда.
Олмалиқликлар сафида мана икки мавсумдирки ишончли ўйин намойиш этиб келаётган 28 ёшли белоруссиялик ҳимоячи Владислав Касминин ПФЛ расмий сайтига миллий чемпионатимизнинг жорий йилги мавсуми қандай ўтаётгани борасидаги фикрларини билдириб ўтди.
«Жорий йилги Ўзбекистон чемпионати илк турларданоқ анча қизиқарли кўриниш олди. Жамоалар кучли олтиликка кириш учун жиддий кураш олиб боришмоқда. Чемпионат ўтказилиш форматига ўзгартириш киритилгани лиганинг шиддатли ўйинлари сони ортишига олиб келди, деб бемалол айта оламан. Зеро ҳар қандай янгилик аввало янги марралар учун қўйиладиган дастлабки қадамдир. Мана Ўзбекистон чемпионати Суперлигага ўзгарганидан сўнг жамоалар ўртасида рақобат сезиларли даражада кучайди. Бу эса лига учун фойдалидир», – дея гап бошлади белоруссиялик футболчи.
«Суперлигада шунчаки ўткинчи ўйинлар қолмади ҳисоб. Футболчилар ҳам ўзларидан талаб қилинаётган ўйинни имкон қадар намойиш этишга уринишмоқда. Секин-аста Ўзбекистонга ташриф буюраётган легионерлар даражаси ҳам кучаймоқда. Буни анча ижобий баҳолаган бўлардим. Эндиликда ҳар бир жамоа якунда 3 очкога эга чиқиш учун бор имкониятини ишга солиб ўйнамоқда. Бу мухлислар учун ҳам чемпионат жозибасини ошириб беради», – дейди маҳоратли ҳимоячи.
Стадионларга мухлислар ташрифи ортаётгани ҳақида гапираркан Касминин бу ҳолат футболчиларни янада яхшироқ ўйнашга ундашини таъкидлади.
«Бу йил Ўзбекистон Суперлигаси ўйинлари деярли тўла стадионларда ўтмоқда. Мана бу жуда қувонарли ҳолат. Зеро футболчилар ҳам кўп сонли мухлислар қўллаб-қувватлаб турса, имкон қадар чиройли ўйин кўрсатади. Айниқса, Наманганда, Бухорода ва бошқа стадионларда атмосфера жуда ажойиб таассурот қолдирмоқда. Секин-аста ўзбек футболи олдинга қадам ташламоқда. Бундан хурсандман», – дея миллий чемпионатимиз ҳақидаги ўз фикрларини билдирди АГМК жамоасининг етакчиларидан бири.
АГМК матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Манба:pfl.uz