2017 йилнинг 23 октябрь куни “Навбаҳор” футболчиси Ойбек Қиличев 1 йил муддатга футболдан четлаштирилганди.
Ойбек Қиличев 2017 йилги Ўзбекистон чемпионатининг 25-тури доирасидан ўрин олган “Қўқон-1912” клубига қарши ўйинда майдонга тушиб, рақибига нисбатан тажовузкор ҳатти-ҳаракат амалга оширганди. Вазиятни ўрганиб чиққан ЎФА Ижроқўми уни бир йилга футболдан четлаштириш баробарида, 10 миллион сўм миқдорида жарима ҳам тайин қилганди.
Яқинда ЎФА Ижроқўми йиғилишида футболдан бутунлай четлаштирилган футболчиларга қайтадан имконият бериш масаласи кўриб чиқилди. Футболчининг пушаймонлиги ва бу борадаги мактублари инобатга олиниб, Қиличевни 18 июнь куни очилган трансфер ойнасидан фойдаланиб, қайта рўйхатга олиш учун рухсат берилди.
“Футбол – эхтиросларга бой ўйин. Баъзан футболчилар майдонда ўз асабларини жиловлай олмай қолишади. Мен ҳам ўша “Қўқон-1912” жамоаси билан бўлган учрашувда ўз хатти-ҳаракатларимни назорат қила олмай қолдим. Рости ўша пайтда қандай қилиб рақибга нисбатан тажовузкор ўйнаганимни сезмай ҳам қолдим”, – дейди Ойбек Қиличев.
“Мана ўтган йилнинг кузидан буён катта футболдан четда юрибман. Ушбу давр мобайнида қилган хунук ишимдан жуда афсусландим. Зеро бутун умр футбол ўйнаган киши бирданига “ўйиндан ташқари ҳолат”га тушиб қолса, унинг учун бундан оғир жазо йўқ. Мен ўша амалга оширган жуда хунук хатти-ҳаракатларимдан афсусдаман ва хато қилганимни тўлиқ англаб етдим”, – дея ўз пушаймонлигини билдирди футболчи.
Четлаштиришдан мақсад футболчини шунчаки жазолаш эмас, унга қилган иши хато эканини онгли равишда тушунтира олишдир, дейилади Ижроқўм мажлисида. Шундай экан, Ойбек Қиличев PEPSI Суперлигада юзага келган танаффусдан кейинги ўйинларга тайёргарлик кўриши мумкин. Футболчи шуни унутмаслиги керакки, у энди жиддий назоратда бўлади. Навбатдаги тажовузкор ҳаракати учун у кечирилмаслиги мумкин.
“Ҳар қандай ҳолатда ҳам футбол “тоза” бўлиши лозим. Ўйинчилар ҳам майдонда ўзларини профессионал тарзда тутишлари шарт. Мен энди рақибларни хурмат қилган ҳолда, билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Биринчи навбатда ўзбекистонлик барча футбол мухлисларидан ўзимни номуносиб тутганим учун узр сўрайман. Қолаверса, афсусда эканимни инобатга олиб, белгиланган муддатидан аввал менга футболга қайтишимга рухсат бергани учун ЎФА раҳбариятидан ва шахсан Умид Аҳмаджоновдан миннатдорман. Аслида куз фасли сўнггида кечиришса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин ЎФА Ижроқўми менинг ўз айбимни англаб етганимни инобатга олиб, майдонга қайтишимга рухсат берди. Энди уларнинг билдирган ишончини оқлаш учун ҳам ўзимни ҳамиша профессионал тарзда тутишга ваъда бераман”, –деди Ойбек Қиличев.
Таъкидлаш жоизки, Қиличевни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган жамоага футболчининг шартномасига бу борада алоҳида банд киритиш тавсия этилади. Яъни, футболчи энди рақибларига нисбатан тажовузкор хатти-ҳаракатлар амалга оширмаслиги лозим. Умид қиламизки, Ойбек Қиличев хатосидан тўғри хулоса чиқарди ва эндиликда фақатгина чиройли ўйинлари билан мухлислар ёдида қолади.