Баҳор-2018. Тиаго Безерра ойнинг энг яхшилари билан бир хил очко жамғарди

Сиз-у бизга кўплаб кутилган ва умуман кутилмаган натижалар тақдим этаётганPEPSI Суперлигада баҳор мавсуми якунига етди.

Ортда қолган 3 ой сарҳисоб қилинганида, ойнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун кураш анча қизғин кечаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Зеро ҳар ой янги ижрочилар ўз маҳоратини намойиш этиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишмоқда. Март ойида энг яхши бўлиш учун номзод бўлган ўйинчилар апрелда даъвогарлар сафидан жой олишмади. Бу ҳолат май ойида ҳам кузатилди. Фақатгина “Пахтакор” аъзоси Тиаго Безерра 2 марта энг яхши футболчи бўлиш учун номзодлар қаторидан жой эгаллади ва у апрелда учинчи, майда эса иккинчи поғонани банд этди. Натижада айни пайтга келиб, Безерра ҳисобида 3 очко мавжуд ва у ҳар учала ойнинг энг яхшиси деб топилган футболчилар – Азиз Турғунбоев, Арслонмурод Омонов ҳамда Сардор Собирхўжаев билан биргаликда энг кўп очко жамғарган футболчилар бўлиб туришибди.

Шунингдек, Хуршид Ғиёсов ҳамда Жавлон Иброҳимов ҳисобида 2 очкодан мавжуд. Март ойида сўровнома якунларига кўра учинчи бўлган Элгужа Григалашвили ҳамда май ойида учинчи поғонани эгаллаган Шавкат Саломов ҳисобида мос равишда 1 очкодан бор.

Ҳозирча баҳор мана шундай қизғин курашлар остида якунланди. Ана энди бор диққат-эътиборимиз ёзда бўладиган учрашувларга қаратилади. Кўрамиз, ёзда кимлар мухлислар-у мутахассислар эътирофига сазовор бўлар экан…

Манба:pfl.uz

Leave a Reply