Мамлакатимиз бўйлаб Pepsi Суперлигада иштирок этувчи клублар стадионларига мухлисларнинг саёҳат уюштиришлари давом этмоқда. Кеча ва буган “Сўғдиёна” ҳамда “Навбаҳор” клубларининг уй ўйинларига мезбонлик қилувчи стадионлар мухлислар билан гавжум бўлди.
Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳга Наманган шаҳридаги 82-мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари саёҳат уюштиришди. Уларга мазкур мактаб директори Маъсуда Мирзамова, жисмоний тарбия ўқитувчиси Тожибой Бойхонов, шунингдек, ушбу мактабнинг футбол тўгараги мураббийлари – Хайрулла Низомов, Анасхон Инамов ва Баҳромжон Абдукаримов ҳамроҳлик қилишди.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, 82-мактабда футбол тўгараги фаолият юритиб, унга 11-14 ёшлардаги 80 нафар ўқувчи аъзо бўлиб, футбол сир-асрорларини ўрганмоқда. Шу тўгаракнинг 7-8 синф ўқувчилари мактаблар ўртасидаги “Чарм тўп” мусобақасининг Наманган вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритишди ва республика финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишди. “Марказий” ўйингоҳга айнан ушбу финал босқичига йўл олган ёш футболчиалр ташриф буюришди.
Ўқувчилар “Марказий” ўйингоҳ майдони, футболчиларнинг кийим алмаштириш хонаси, матбуот анжумани зали билан танишишди.
Бундан ташқари, ўқувчилар “Навбаҳор” ёшлар жамоаси бош мураббийи Шуҳрат Қорабоев, дарвозабон Мирзоҳид Маматхонов, ярим ҳимоячилар Остон Ўрунов, Шоҳзамон Хайруллаев, Ойбек Мирзоҳидов, ҳужумчи Равшан Дўсматовлар билан учрашиб, улардан дастхат олишди, эсдалик учун суратга тушишди.
Тадбир сўнггида саёҳат иштирокчиларига “Навбаҳор” ПФК томонидан футболкалар совға қилинди. Футболкаларни ўқувчиларга “Навбаҳор” клуби катта маъмури Муҳиддин Мелибоев, маъмур Абдумалик Умрзоқов ва футболчи Ойбек Мирзоҳидов топширди.
Мазкур ташриф ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, футболчилар ва мураббийлар билан учрашув эса “Чарм тўп” республика финал босқичи баҳсларида уларга руҳий далда бўлишига шубҳа йўқ.
Куни кеча “Сўғдиёна” стадионига Зомин туманидаги коллеж ўқувчилари саёҳат уюштиришди. Улар ташрифи давомида стадион музейи, кийиниш хоналари ва бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилишди. Шунингдек, “Сўғдиёна” футболчилари билан давра суҳбати уюштирилди, эсдалик учун суръатга тушдилар. Сўнгра, “Сўғдиёна” – “Бунёдкор” ўйинини бевосита стадиондан туриб томоша қилишди. Ўйиндан сўнг ўқувчилар “Сўғдиёна” раҳбариятига ўз миннатдорликларини изҳор қилишди.
Манба:pfl.uz