«Бугун жуда қийин ўйин бўлди. Майдон бироз кичикроқ эди. Шу боисдан ердан тўп оширишларни амалга оширишга қийналдик ва ҳаволатиб тўп оширишларига кўпроқ эътибор бера бошладик. Бундай майдонда чиройли ўйин кўрсатиб бўлмасди. Устозимиз Воҳид Холбоев бизга тўғри, аниқ кўрсатмалар берди. Шу орқали ғалабага эришдик.
Ҳакамлик? Улар яхши ишлашди. Албатта, ҳар доим меҳмон жамоага кичик босим бўлади. Бироқ бундан ҳафа эмасмиз. Қизил карточка кўрсатишдими, демак улар ҳақ. Биз ҳакамларнинг ишини баҳоламаймиз.
Олег Тюлькин жамоага келганидан кейин мураббийлар штаби янада кучайди. У ва бош мураббийимиз тўғри қарорлари сабабли ғалабалар қозоняпмиз.
Про-лига ёки биринчи лигада учинчи мавсумимни ўтказяпман. Ўтган йилларга қараганда лигада ўсиш бор. Ташкилотчилик савияси ҳам ошган. Ижобий жиҳатлар анчагина кўпайган. Агарда шу кетишда бўлса, Про-лига савияси ошади.
Янги жамоа бўлсак-да, мақсадларимиз юқори. Аввалига «А» гуруҳига чиқишни ўйлаяпмиз. Агарда насиб қилса, жамоа билан Суперлигада ўйнаш ниятимиз ҳам йўқ эмас. Жамоа кучли, бунга қурбимиз етса керак», – деди Абдуҳолиқов.
Миржалол Норматов суҳбатлашди
Манба : championat.asia