Апрель ойининг энг яхшиси бўлиш учун беш мутахассис кураш олиб боради

ПФЛ ҳамда Championat.asia апрель ойининг энг яхши мураббийи бўлиши мумкин бўлган номзодларни тақдим этди. Улар 5 нафар:

Улуғбек Бақоев — “Бухоро”

Шота Арвеладзе — “Пахтакор”

Нўъмон Ҳасанов — “Қўқон-1912”

Сергей Лушчан — “Сўғдиёна”

Андрей Фёдоров — “Локомотив”.

Март ойи якунларига кўра, “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимов энг яхши деб топилган ва рақобатчиларини катта фарқ билан ортда қолдирганди. Апрель ойини ҳам “Бунёдкор” кетма-кет икки ғалаба билан бошлаганди. Бироқ кейинги уч турда “қалдирғочлар”дан омад юз ўгирди.

Хўш, юқорида номлари кўрсатилган мураббийлар якунига етган ойда қандай ишларни амалга оширди?

Улуғбек Бақоев — 5 та ўйин: 4 та ғалаба ва 1 та мағлубият

“Бухоро” устози сўзсиз энг яхши бўлиб келаётганди. Бироқ 29 апрель куни унинг жамоаси Бекободда мағлуб бўлди. Шунга қарамай, “Пахтакор” устидан қозонилган ғалаба ҳамда АГМК билан ўйиндаги камбэкни унутиш қийин. Айни вақтда “Бухоро” турнир жадвалида иккинчи бўлиб турибди.

Шота Арвеладзе — 5 та ўйин: 3 та ғалаба, 1 тадан дуранг ва мағлубият

“Пахтакор” Тошкент дербисида “Локомотив”ни таслим қила олмади ва “Бухоро”га имкониятни бой бериб қўйди. Мазкур жиҳатлар Арвеладзе нима сабабдан даъвогарлар орасида бор деган саволни келтириб чиқариши мумкин. Аммо унутмаслик керакки, апрель ойи якунларига кўра “Пахтакор” турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олди. Айниқса, “Навбаҳор” устидан қозонилган ғалаба клуб учун қадрли бўлди.

Нўмон Ҳасанов — 5 та ўйин: 1 та ғалаба ва 4 та дуранг

“Қўқон-1912” апрель ойида ҳақиқий рақобатбардош клуб бўла олди. Яъни, қўқонликларни мағлуб этадиган клуб топилмади. Ваҳоланки, кучли рақиблар бор эди. Ҳасанов жамоаси Тошкентда “Локомотив”ни 2 очкодан мосуво қилди, шунингдек, “Насаф” билан дуранг ўйнади. Апрелнинг сўнгги кунида эса “Бунёдкор” таслим этилди.

Сергей Лушчан — 4 та ўйин: 2 та ғалаба, 1 тадан дуранг ва мағлубият

Лушчангача “Сўғдиёна”нинг ишлари юришмаётганди. Унинг келиши эса жиззахликларни уйғотгандек бўлди. “Навбаҳор” ҳамда “Насаф” қандай мағлуб этилганини ҳамма кўрди. Айниқса, “Навбаҳор”га қарши ўйиндаги камбэк анча чиройли чиқди. “Локомотив” билан Тошкентдаги ўйинни инобатга олмаса, “Сўғдиёна” апрель ойида анчагина ўсишга эришди.

Андрей Фёдоров — 3 та ўйин: 2 та ғалаба ва 1 та дуранг

Жизахликлардан ташқари “Локомотив”да ҳам мураббий алмашди. Фёдоров келганидан кейин жамоа ўзига ўхшашни бошлади. Тошкент дербисида “Бунёдкор” мағлуб этилди, “Пахтакор” билан эса голсиз дуранг қайд этилди. Фёдоровгача жамоа кетма-кет 5 та турда ғолиб чиқа олмаган бўлса, унинг илк ўйинида “Сўғдиёна” таслим қилинганди.

Эслатма. Апрель ойининг энг яхшиларига Суперлига клублари бош мураббийлари ҳамда сардорлари овоз беради. Шунингдек, Championat.asia нашри мухлислар ўртасида сўровнома ўтказади. Мураббий ва сардорлар овозига кўра энг яхшиларга 1—3 очко берилади. Мухлисларнинг овози эса ўрнига қараб 2—6 очкога ўтади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply