Отабек Нарзуллаев: “Ўйиндан бир кун аввал жамоадошларимга иккита гол ураман деб айтгандим”

ПРО-Лиганинг 5-турида “Шўртан” сафарда “Андижон”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди.

Мазкур учрашувда дублга эришган Отабек Нарзуллаев ўйиннинг “Энг яхши футболчиси” дея эътироф этилди. Шу боис баҳс якунига етгач, тажрибали футболчидан интервью олдик.

– Албатта, сафарда уч очкони қўлга киритганимиздан хурсандман. Ўтган турда ўз майдонимизда “Орол” билан дуранг ўйнаганимиз, бугунги ғалабадан кейин ювилиб кетди деб ҳисоблайман. Кимлардир мағлуб бўлишимизни истаганди. Андижондаги ижобий натижа уларнинг саломига алик бўлди – дея гап бошлади Отабек Нарзуллаев.

– Бугунги учрашувда универсал футболчи сифатида харакат қилдим. Билсангиз керак, олдин асосан ҳимоя чизиғида ўйнаганман. Бош мураббийнинг кўрсатмасига биноан бугун олдинги чизиқдаги шерикларимга ёрдам бердим. Аслида ҳам футболчи ҳар қандай холатга тайёр туриши керак. Қайси позицияда бўлмасин, жамоага фойдам тегса бундан албатта хурсанд бўламан.

– Очиғини айтсам, бугунги учрашувда гол уришимни олдиндан ҳис қилгандим. Чунки биласизми Андижондаги стадион мен учун омадли. Бундай дейишимнинг боиси олдинги йиллари ҳам бу ерга қайси жамоа билан келмай, гол урардим. Шунинг учун учрашувдан бир кун аввал жамоадошларимга эртага иккита гол ураман дея айтгандим. Ният холис экан, бугун мана кўрдингиз дублга эришдим.

– “Андижон” ҳам жуда кучли жамоа. Бу ерда тажрибали футболчилар йиғилган. Уларнинг кўпини яхши биламан. Илгари бирга ўйнаганмиз. Бойматов, Ҳамроев ва Мамалалиев каби футболчиларга қандай ўйнаш кераклигини яхши билардик. Бу борада мураббийимиз ҳам айтиб ўтганди.

– Бугун йигитлар майдонда борини бериб, чин кўнгилдан охиригача ўйнади. Сафарда қўлга киритилган ғалабада бош мураббийимизнинг хиссаси катта деган бўлардим. Негаки, рақибнинг ўйинларини кўриб, ўрганиш жараёнида мураббийнинг берган кўрсатмаларини бугун бекаму-кўст бажардик. Якунда эса уч очкони қўлга киритдик.

– Андижонлик мухлисларга ҳам раҳмат айтаман. Улар бугунги учрашувда бизни ҳам олқишлади. Бундай мухлислар жуда кам. “Андижон”га келгуси ўйинларида омад тилайман – дейди Нарзуллаев.

Манба:championat.asia

Leave a Reply