Умид Аҳмаджонов Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулотда ва мухтор элчиси билан учрашди

Сир эмаски, бугунги кунда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, уни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Олимпия ўйинларида, нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, муносиб натижалар қайд этиш йўлида жаҳоннинг етакчи спорт мамлакатлари тажрибасини ўрганиб, уни амалда татбиқ этиш ҳам Миллий олимпия қўмитасининг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада Хитой Халқ Республикасининг спортдаги илғор тажрибаси ўрнак бўла олади десак янглишмаган бўламиз.

Бугун, 19 апрель куни Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Цзян Ян ҳоним билан учрашди.

Миллий олимпия қўмитаси раҳбари учрашув аввалида Хитой Халқ Республикаси спорт соҳасида дунёнинг энг қудратли мамлакатларидан бири эканлиги, мамлакатдан сузиш, енгил атлетика, стол тенниси, велоспорт, спорт ўйинлари каби турларда ўрганадиган жиҳатлар кўп эканлигини, бу йўналишларда тажриба алмашиш ўзбек спорти учун фақат ва фақат фойда бўлишини айтиб ўтди.

Ўз навбатида элчи ҳоним ташкил қилинган учрашув учун Умид Аҳмаджоновга миннатдорчилик билдириб ўтди.

«Аввало, вақт ажратиб биз билан учрашганингиз учун раҳмат. Хитой нафақат сиз қайд этиб ўтган спорт турлари бўйича, балки йирик комплекс мусобақалар, жумладан Олимпия ва Осиё ўйинларини ўтказиш масаласида бой тажрибага эга.

Шуни айтиб ўтишни истардимки, Ўзбекистон баъзи спорт турларида Хитойдан ҳам кучли. Масалан, 23 ёшгача бўлган футболчиларингиз Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритишди. Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси нафақат қитъада, балки бутун жаҳонда етакчилик қилмоқда. Биз ҳам бу борада сизлардан кўп нарса ўрганишимиз мумкин бўлади.

Қолаверса, спорт соҳасида сизнинг бой тажрибангиз борлигидан хабаримиз бор. Бошқарувингизда ўзбекистонлик паралимпиячилар Риодаги Паралимпия ўйинларида қандай оламшумул натижалар қайд этганини яхши биламиз. Ишонамизки, сиз Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигида ҳам юксак натижаларга эриша оласиз», – деди элчи Цзян Ян.

Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов келаси ойда Хитойга ташриф буюриш режаси бор эканлигини, мамлакат Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорлик ўрнатиш, Олимпия ҳаракати ва спортни ривожлантириш учун Хитойдан малакали маслаҳатчи мураббийлар таклиф қилиш истагида эканлигини маълум қилди.

Меҳмон бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар келажакда албатта ўз мевасини беришини айтиб ўтди.

«Мамлакатингиз раҳбари спортни ривожлантириш учун кенг кўламда ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу ҳаракатлар, қолаверса спортчиларнинг муносиб рағбатлантирилиши келажакда улкан натижалар учун катта туртки бўлади», – деди элчи ҳоним.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитаси номидан меҳмонга эсдалик совғала рини топширди.

Кейин эса томонлар Миллий олимпия қўмитаси музейини томоша қилишди. Тадбир ниҳоясида Миллий олимпия қўмитаси раҳбари шунингдек, ОАВ ходимларига интервью берди.

Манба:the-uff.com

Leave a Reply