Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финалига қуръа ташлаш маросими жонли кўрсатилади

Формати ўзгартирилган Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал босқичига қуръа ташлаш маросими “Спорт” телеканалида жонли намойиш этилади. Маросим 18 апрель куни соат 20:00 да бошланади.

Нега айнан 18 апрель?

Ўзбекистон Кубогининг 1/16 финал учрашувлари 15-16 апрель кунлари бўлиб ўтади. Улардаги жуфтликлар, ўйинлар куни ва вақтини мазкур ҳавола ёрдамида билиб олиш мумкин.

16 апрель куни Қаршининг “Насаф” клуби Чемпионлар Лигаси доирасида “Ал-Васл” (БАА) меҳмони бўлади. Тошкентнинг “Локомотив” клуби эса 17 апрель куни ўз майдонида Эроннинг “Зоб Оҳан” клубини қабул қилади.

Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тур беллашувлари 19 апрель куни старт олади ва 21 апрелга қадар давом этади. ПФЛ ва “Спорт” ўзаро келишиб, ўртада бўш қолаётган 18 апрелни қуръа маросими учун танлаб олди.

Бу нима беради?

1/8 финалдан бошлаб мусобақага “Локомотив”, “Насаф”, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” клублари ҳам қўшилади. Қуръа маросимининг жонли эфирга узатилиши футбол мухлисларининг қизиқишига сабаб бўлиши катта эҳтимол. Қолаверса, ундаги шаффофлик Ўзбекистон Кубогида иштирок этаётган клубларга мотивация ўрнида хизмат қилиши мумкин.

Эски форматда жамоалар ўзларининг эҳтимолий бўлажак рақиблари ҳақида билиб турган бўлса, эндиликда бунга йўл қўйилмайди. Бунда барча жамоа бир хил мақомда бўлиб, исталган бошқа клубга рақиб бўлиб қолиши эҳтимолини кутади.

Ҳозиргача…

Ўтган вақт давомида мақоми жиҳатдан 1/32 финалга тенг бўлган ўйинлар ўтказилди. Унга кўра, “Ифтихор” ҳамда “Шердор” клублари 1/16 финал чиптасига эга чиқишди. 15-16 апрель кунлари бўлиб ўтадиган 1/16 финал босқичи фақатгина битта ўйиндан иборатдир. Ғолибни 120 дақиқа давомида аниқлашнинг иложи бўлмаса, пенальтилар сериясига мурожаат қилинади. Мазкур босқичда қайси жамоа ўз уйида ҳаракат қилишини қуръа белгилаб берган. Мазкур қоида ярим финалгача ўз кучида қолади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply